Ўзбекистон туризми халқаро платформаларда тарғиб қилинмоқда
Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини жаҳон бозорида янада кенг тарғиб қилиш ва юртимизга хориж давлатларидан, айниқса юқори даромадли сайёҳларни жалб этиш мақсадида йирик халқаро маркетинг кампаниясига старт берилди.
Лойиҳа дунёдаги етакчи саёҳат платформалари — Expedia Group, Amadeus IT Group ва Trip.com ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Ушбу платформаларнинг умумий қамрови 2 миллиарддан ортиқ аудиторияни ташкил этади.
Маркетинг кампанияси АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Индонезия, Таиланд, Испания, Польша, Дания, Норвегия, Швеция ва Финляндия каби туризм салоҳияти юқори бўлган мамлакатларни қамраб олади.
Тарғибот доирасида Ўзбекистонга бағишланган махсус саҳифалар яратилади, мамлакатнинг туристик имкониятлари ҳақида мақолалар эълон қилинади ҳамда реклама материаллари веб-сайтлар, мобил иловалар, ижтимоий тармоқлар ва ҳамкорлик тармоқлари орқали кенг оммага етказилади.
Режага мувофиқ, кампания давомида 180 миллиондан ортиқ реклама намойишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу эса Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, замонавий туристик инфратузилмаси ва бетакрор саёҳат йўналишларини миллионлаб хорижликларга танитиш, мамлакатнинг халқаро туристик брендини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Expedia Group таркибига Expedia, Hotels.com Vrbo, Travelocity ва Orbitz каби машҳур саёҳат хизматлари киради. Уларнинг хизматларидан ҳар йили 300 миллиондан ортиқ сайёҳ фойдаланади. Amadeus IT Group эса авиакомпаниялар, меҳмонхоналар ва туризм соҳаси иштирокчиларини бирлаштирувчи йирик брон қилиш тизимларидан бири ҳисобланади.
Trip.com эса Осиёнинг энг йирик онлайн саёҳат платформаларидан бири бўлиб, 800 миллиондан зиёд фойдаланувчига хизмат кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА