Ўзбекистон туризм салоҳияти “Euronews”да
“Euronews” сайтида мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишлаб чоп этилган “Ўзбекистон: Марказий Осиё мамлакати дунёга очилмоқда” сарлавҳали мақолада юртимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар оқими тобора ошиб бораётгани қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Хитой, Яқин Шарқ ва Европа ўртасидаги қадимий савдо йўли – афсонавий Ипак йўли марказида жойлашгани сайёҳларга қадимий ва замонавий дунёнинг ўзига хос уйғунлигини, ранг-баранг эко ва агро сайёҳлик имкониятини таклиф этиши таъкидланган.
Муаллиф республикамиз туризм имижи яхшиланиб боришида давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини урғулаган.
Ҳукумат томонидан олиб борилган қатор либерал ислоҳотлар, масалан, виза режими енгиллаштирилгани ҳам туризм ривожига ҳисса қўшаётгани, эндиликда 93 мамлакат, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо барча мамлакатлар ва Буюк Британия фуқаролари диёримизга визасиз, 50 дан зиёд давлат фуқаролари эса электрон виза билан ташриф буюриши мумкинлиги эслатилган.

– Замонавий пойтахтимиз Тошкентнинг театр ва музейлари ёки бетакрор ва боқий шаҳар – Бухоронинг қадим масжид, минораларини томоша қиладиган сайёҳ Ўзбекистоннинг ўзига хос тарихга эга эканига гувоҳ бўлади, – дейди “Euronews” мухбирига маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов. – Бизда UNESCO Жаҳон мероси обектлари сифатида эътироф этилган қатор манзиллар, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби қадимий ва навқирон шаҳарлар бор. Айни дам мавжуд имкониятни тўлиқ ишга солиш ҳаракатидамиз.
Телеканал сайтида Самарқанд ва Бухорога алоҳида тўхтатилган. Хусусан, Самарқандга Яқин Шарқ ва Шарқий Осиё ўртасида жойлашгани сабабли “Маданиятлар чорраҳаси” дея таъриф берилган.

“Самарқанд Ўзбекистонга саёҳатни бошлаш учун энг қулай танлов. Марказий Осиёдаги аҳоли доимий яшаб келган шаҳарлардан бири сифатида илдизлари милоддан аввалги VI асрга бориб тақаладиган энг қадимий бу кентдаги афсонавий Регистон мамлакатга кириш эшигидир”, дейилади мақолада.
Бухоро ҳақида фикр билдирилар экан, шаҳарнинг 2500 йилдан ортиқ тарихга эга экани, меъморчилиги 1000 йилдан нарига бориб тақалиши таъкидланади. Ўзбекистонда экотуризм тобора ривожланаётгани қуйидагича ифодаланган:
“Мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Угом-Чотқол миллий боғи ноёб флора ва фаунага бой. Бу жойда сут эмизувчилар, қор қоплонлари, қизил тулкилар яшайди. Чотқол тоғи атрофида милоддан аввалги 1000-2000-йилларга оид қадимий чизмалар ҳам учрайди”.
Юртимиз гастрономия туризми ҳам хориж нашри эътиборидан четда қолмаган:
– Ўзбекистонга борганда, албатта, таомларини татиб кўринг. Кўмирда пиширилган кабоб, тандир кабоб, палов, қуритилган мева ва бошқа маҳсулотлар сизга ёқиши табиий. Анъанавий ўзбек нони ҳам кишида беқиёс таассурот қолдиради.
ЎзА