Ўзбекистон терма жамоаси ғолиб бўлди
Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари қаторида таэквондо (WТ) йўналишини янада оммалаштириш, чекка ҳудудлардан иқтидорли ёшларни саралаш мақсадида бир қатор халқаро мусобақалар ўтказилмоқда.
Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида беш кун давом этган, мингдан ортиқ шарқона яккакураш усталарини татамига чорлаган “Namangan open” учинчи халқаро турнири ҳам бир қатор янги номларни кашф қилиш асносида маҳоратли таэквондочиларни ҳам аниқлаб берди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Республика Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон таэквондо WT федерацияси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анъанавий мусобақада мамлакатимиз вакилларидан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон, Эрон Ислом Республикаси, Тожикистон ва Покистон Ислом Республикасидан келган энг сара спортчилар 45 килограммдан +87 килограммгача бўлган 30 та вазн тоифасида ўзаро куч синашди.

– Наманганга учинчи бор келишимиз. Чегаралар очилгани туфайли Ўзбекистон иккинчи уйимиз бўлиб қолди. Навбатдаги нуфузли мусобақада 60 нафардан ортиқ спортчи ва тўрт нафар ҳакам билан иштирок этдик, – дейди Тожикистон жамоасининг ёшлар бўйича олий тоифали мураббийси Далер Фозилов. – Бизда футбол ва дзюдо турлари билан бирга таэквондо ҳам ривожланмоқда. Осиё чемпионатида совриндор бўлган шогирдимиз ҳам мусобақада қатнашди.

Қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой кечган мусобақанинг қизлар ўртасида Ўзбекистон вакиллари Дилноза Тангирова, Диёра Имомалиева, Мадина Аксой, Дилбарой Собирова, Гулсанам Алижонова, Гулором Азметова, Тожикистондан Тина Мажид Моданлоу ва Мунира Абдусаломовалар ғолиб бўлди.
Ўғил болалар ўртасидаги жангларда мамлакатимиз спортчилари Омонжон Отажонов, Отабек Турғанбеков, Зафарбек Каримов, Беҳруз Исаев, Диёрбек Тухлибоев, Мавлон Тўхтасинбоев, Азизбек Абдуқодиров ҳамда қозоғистонлик Бейбарис Каблан зафар нашидасини сурди.
Ўсмирлар тоифасидаги беллашувларда Қозоғистондан Алибек Нургази, Абай Сеидаҳмет, Абдулла Абилқосим, Бекарис Нургази, мамлакатимиздан Камронбек Мансуров, Муҳаммаджон Адҳамов, Жалолиддин Мустафоқулов, Озодбек Мамадалиев, Нурлан Бойхўжаев ва Жавоҳир Ҳидоятовларга тенг келадиган топилмади.

Худди шу йўналишда қизлар иштирокида эса ҳамюртларимиздан Гулшаной Исмоилова, Диёра Зиёева, Лайло Ҳасанова, Дилшода Мирҳайдарова, Шаббона Абдувалиева, Лайло Зайниддинова, Сабрина Пардаева, қозоғистонлик Алмира Канат, Аида Таукенова ва Дария Манаскизи мутлақ устунликка эга бўлди.
– Таэквондо билан тўрт йилдан буён шуғулланаман. Устоз мураббийларнинг кўрсатмаларини тўғри бажараётганим, муҳим таълим ва спортни ўзаро ҳамоҳанг олиб бораётганим муваффақиятларимга катта туртки бўлмоқда, – дейди Наманган давлат университетининг жисмоний маданият ва спорт факультети талабаси Гулсанам Алижонова. – Спорт турлари нафақат вилоят маркази, балки чекка ва олис ҳудудларда ҳам қанот ёзаётганлигининг амалдаги ифодасини Норин туманидаги оддий қишлоқ фарзанди сифатида ҳис этмоқдаман. Биргина мисол, Ливан давлатида ўтказилган “Beyrut open” халқаро турнирида бронза медалини олдим. Вилоятимиз мезбонлик қилган мусобақада эса 67 килограмм вазнда қозоғистонлик номдор ва кучли рақибим Нурриза Тураровани енгиб, ғолиблик шоҳсупасининг юқори чўққисига кўтарилганимдан бағоят мамнунман.

Халқаро турнир якуний натижаларига кўра, энг кўп медаллар жамғармасига сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритди. Қозоғистон спорт делегацияси фахрли иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, кучли учликни Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатларининг спортчилари якунлаб берди.
“Namangan open” учинчи халқаро турнирининг барча ғолиб ва совриндор спортчилари ташкилотчилар томонидан диплом, медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.