Ўзбекистон тажрибаси халқаро анжуманда эътироф этилди
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида мамлакатда метрология соҳаси ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан нуфузли халқаро конференция бўлиб ўтди. Мазкур тадбир метрология соҳасининг тарихи, бугунги тараққиёти ва келажакдаги устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
Анжуманда Арманистон, Озарбайжон, Беларусь Республикаси, Россия, Туркия, Хитой ва Ўзбекистоннинг метрология муассасалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Халқаро ўлчовлар ва тарозилар бюроси (BIPM), Евроосиё давлатлари метрология муассасалари ҳамкорлиги (COOMET) ҳамда Кўрфаз давлатлари метрология ассоциацияси (GULFMET) раҳбар ва мутахассислари ҳам тадбирда қатнашиб, соҳадаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашди.

Конференция давомида метрология соҳасининг бир асрлик тараққиёт йўли, унинг иқтисодиёт тармоқлари, саноат, илм-фан ва инновацион ривожланишдаги ўрни ҳамда замонавий сифат инфратузилмасини шакллантиришдаги аҳамияти кенг муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан аниқ ва ишончли ўлчашлар мамлакатлар иқтисодий тараққиёти, маҳсулотлар рақобатбардошлиги ва халқаро савдо муносабатларини ривожлантиришда муҳим омил экани таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этиб, мамлакатимизда метрология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий эталонлар базасини мустаҳкамлаш, рақамли ва саноат метрологиясини ривожлантириш, шунингдек халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маърузалар тақдим этди.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистон Миллий метрология институти томонидан қонунлаштирувчи метрология, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини амалиётга жорий этиш ҳамда ўлчаш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Ушбу ташаббуслар соҳани рақамлаштириш, ўлчаш аниқлигини ошириш ва халқаро стандартларга мувофиқликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Конференция якунида иштирокчилар метрология соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий-техник тажриба алмашиш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА