Ўзбекистон ташқи савдоси: ТОП-10 асосий ҳамкор давлатлар
2026 йил бошида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 18 миллиард долларга етди. Иқтисодиётимиз ривожида Хитой, Россия ва Қозоғистон билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки уч ойи Ўзбекистон иқтисодиёти учун ташқи савдо алоқаси жадал ўсиши, ҳамкорлик кўлами кенгайиши билан эсда қолади. Миллий статистика агентлиги маълумотига кўра, январь-март ойлари бўйича мамлакатимизнинг жами ташқи савдо айланмаси 18 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич республикамизнинг халқаро бозор билан интеграцияси кучайиб бораётгани, асосий иқтисодий шериклар билан муносабат барқарорлигини кўрсатмоқда.
Ташқи савдо айланмасида анъанавий равишда Хитой Халқ Республикаси етакчиликни сақлаб қолган. Биринчи чоракда Чин юрти билан товар айирбошлаш миқдори 4,6 миллиард долларни ташкил этиб, жами савдонинг салмоқли қисмини эгаллади. Россия Федерацияси эса 3,3 миллиард долларлик кўрсаткич билан иккинчи ўринда қайд этилди. Минтақадаги энг яқин иқтисодий шерик – Қозоғистон билан савдо қиймати 1,3 миллиард доллардан ошди. Шунингдек, Туркия (653,4 миллион доллар) ва Афғонистон (508 миллион доллар) энг фаол 5 савдо шерикларимиз қаторидан жой олди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ташқи иқтисодий алоқа нафақат яқин қўшнилар, балки Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳам фаоллашган. Жумладан, Франция билан савдо айланмаси 488,9 миллион долларни ташкил этган, Корея Республикаси (463,6 миллион доллар), БАА (458,7 миллион доллар), Туркманистон (357,5 миллион доллар) ва Германия (304,8 миллион доллар) каби давлатлар кучли ўнликдан жой олди. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг ташқи бозорни диверсификация қилиш, маҳаллий маҳсулотларни дунёнинг турли нуқталарига экспорт қилиш ва юқори технологик импортни йўлга қўйиш борасидаги ислоҳотлари самара бераётганидан дарак беради.
Фардона Яхшибоева, ЎзА