Ўзбекистон ташаббуслари: ШҲТда амалий иқтисодий ҳамкорлик ва юқори технологиялар даври
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этди.
Қуйиди Давлатимиз раҳбарининг мазкур йиғилишидаги нутқидан асосий фикрлар ҳавола қилинади.
– Ўтган 25 йил давомида ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқотни таъминлади, минтақавий барқарорлик ва мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига кўмаклашди;
– Ҳамкорлигимиз марказида ШҲТнинг географик ва стратегик ўзаги бўлган Марказий Осиё турганини алоҳида қадрлаймиз;
– Яқин Шарқда мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатишнинг қатъий тарафдоримиз;
– ШҲТ мамлакатларининг улкан инсоний, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал ресурслари, энг аввало, халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши керак;
– “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқишга киришишни таклиф этаман. Унинг асосий мақсади ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим;
– Махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистикани бирлаштирадиган ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз;
– Ҳозирнинг ўзидаёқ умумий тамойилларни келишиш босқичидан ШҲТ Тараққиёт банкини амалий ишга туширишга ўтишни зарур деб ҳисоблаймиз;
– Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни олқишлаймиз;
– Келгуси йили Тошкент шаҳрида ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёрмиз;
– Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлар мамлакатларимизнинг озиқ-овқат, сув ва энергетик хавфсизлигига тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Бу ШҲТ доирасида ушбу масалалар бўйича ягона кун тартибини шакллантириш заруратини тақозо этмоқда;
– ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман;
– Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келди.
ЎзА