Ўзбекистон такси бозори 8 ойда 7,2 триллион сўмлик айланмага эришди
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–август ойларида мамлакатимиз такси бозорида сезиларли ўсиш ва рақамлаштириш тенденцияси кузатилди.
Саккиз ой давомида 242 та такси агрегатори орқали жами 329 миллион марта йўловчи ташиш хизмати кўрсатилди.
Умумий айланма 7,2 триллион сўм (ўртача битта чек нархи — 21 785,5 сўм)ни ташкил этган. Нақд тўловлар 63,1 фоиз (4,5 трлн сўм)ни, нақдсиз тўловлар эса 36,9 фоиз (2,6 трлн сўм)ни ташкил этди. Таққослаш учун, 2025 йилда нақдсиз тўловлар улуши 29,8 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда карталар ва иловалар орқали тўлаш ҳиссаси ортиб бормоқда.
Агрегаторлар томонидан буджетга 149,2 миллиард сўм солиқ тўланган (шундан 46,8 млрд сўми ҚҚС). Ҳозирги кунда ушбу соҳада 481,1 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи фаолият юритмоқда.
Ҳайдовчиларнинг 8 ой давомидаги даромадлари қуйидагича тақсимланган: 100 миллион сўмдан кўп даромад оладиган ҳайдовчилар сони 7,9 минг нафарни ташкил этган. Шунингдек, 50−100 миллион сўм даромад оладиган ҳайдовчилар сони эса 31,5 минг нафар, 10−50 миллион сўм даромад оладиган ҳайдовчилар сони 124,4 минг нафар ташкил этган бўлса, 5−10 миллион сўм даромад оладиган ҳайдовчилар сони 59,9 минг нафарни, 1−5 миллион сўм — 123,6 минг нафар, 1 миллион сўмгача даромад оладиган ҳайдовчилар сони 133,7 минг нафарни ташкил этган.
Евро ва маҳаллий брендлар орасида Chevrolet Cobalt (27%), Nexia (19,3%) ва Lacetti (16,1%) энг кўп фойдаланилаётган моделлар бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, электромобилларнинг улуши ўтган йилдаги 1,9 фоиздан 2,5 фоизга кўтарилди.
Линияга чиқаётган автомобилларнинг 37,1 фоиз қисми 3 йилдан 5 йилгача бўлган эксплуатация муддатига эга бўлса, 29,2 фоиз автомобиллар 10 йилдан ортиқ вақтдан бери фойдаланиб келинмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА