Ўзбекистон спорт таълимидаги ислоҳотлар Европа олимларига тақдим этилди
Польшанинг University of Rzeszów таълим ташкилотида “Sztuki walki i sporty walki w badaniach naukowych” мавзусида ўтказилган нуфузли халқаро илмий конференцияда ўзбекистонлик олимлар иштирок этди.
Дунёнинг турли мамлакатларидан етакчи олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар қатнашган конференцияда замонавий спорт фанининг долзарб муаммолари ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Конференцияда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети олимлари Шукуржон Газиев, профессорлар Мурод Ибрагимов, Георгий Коробейников спортчиларнинг психофизиологик ҳолати ва стрессга чидамлилиги, сурдо спорт йўналишида мамлакатимизда амалга оширилаётган илмий изланишлар хусусида чиқишлар қилди.

Ўзбекистон спорт таълимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида тақдим этилган маърузалар халқаро илмий ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Польшада ўтган мазкур конференция халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.
Т.Рўзиев, ЎзА