Ўзбекистон-Швеция: Тоғ-кон соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Швеция Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ривожланиш ҳамкорлиги ва ташқи савдо бўйича давлат котиби Диана Янсе бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Швеция ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, жорий йил март ойида вазирлик делегациясининг Швецияга амалга оширган ташрифи натижалари кўриб чиқилиб, эришилган келишувларнинг амалий ижроси юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, “Epiroc”, “Volvo CE”, “ABB” ҳамда “Green 14” компаниялари билан амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳаларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳалар соҳага илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий ёндашувларни татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашувда кадрлар салоҳиятини ошириш, мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, тоғ-кон саноатида экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш, шунингдек, халқаро барқарор ривожланиш стандартларини татбиқ қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Швеция Қироллиги Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида тоғ-кон соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур ҳужжат келгусида икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш ҳамда соҳада узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА