Ўзбекистон-ШҲТ: самарали ҳамкорлик давом этмоқда
15 июнь - ШҲТ ташкил топган кун
Бу йил Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилмоқда. Айни пайт бутун диққат-эътибор жорий йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишига қаратилган. Самарқанд саммитига тайёргарлик кўриш, анжуманни мазмунан бойитиш, кун тартибини белгилаш бўйича кенг кўламли иш олиб борилмоқда. Бўлажак олий даражадаги йиғин доирасида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар келишилмоқда.
Таъкидлаш керак, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги доирасида шу кунгача 50 га яқин тадбир муваффақиятли ўтказилди. Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилаётган ва самарали амалга оширилаётган ҳамкорликнинг кўплаб янги йўналишлари Ташкилот кун тартибини замонавий воқеликдан келиб чиққан ҳолда бойитишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар Ахборот-коммуникация технологиялари, Камбағалликни қисқартириш масаласи ва Ўсимликлар карантини бўйича масъул идоралари раҳбарларининг илк йиғилишлари айнан юртимизда ташкил этилди. Бундан ташқари Ёшлар кенгашининг 15-йиғилиши, Атроф-муҳит масаласи бўйича масъул идоралар раҳбарлари, Соғлиқни сақлаш вазирларининг навбатдаги учрашувлари, «ШҲТ мамлакатлари анъанавий (халқ) табобатининг замонавий соғлиқни сақлаш тизимларига интеграцияси»га бағишланган ШҲТ анъанавий тиббиёт анжумани, Хавфсизлик кенгаши котибларининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик кўриш бўйича экспертлар йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу анжуманларда барқарорлик ривожланиш учун хавф туғдираётган хатар, таҳдидларга қарши курашишда Ташкилот салоҳиятини кучайтириш, “Шанхай руҳи” тамойили асосида кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги бир овоздан маққулланди.
Келгусида транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик, “яшил” энергетика, инновациялар, рақамли иқтисодиёт, саноат кооперацияси борасидаги қўшма лойиҳаларни фаол илгари суришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Май ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга ташриф буюрган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Минни қабул қилди. ШҲТ доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон раислигидаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Бош котиб Ўзбекистонни ШҲТнинг энг фаол иштирокчиларидан бири сифатида эътироф этди. «Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон ҳақидаги концептуал ғоялари акс этган ШҲТнинг янги, ажойиб шаҳри бунёд этилмоқда. Самарқанд саммити ташкилотимиз тарихида муҳим воқеа бўлиб қолади», дея таъкидлади.
Мамлакатимиз 2001 йил Ташкилотга асос солинишида муҳим роль ўйнади, тузилманинг ривожланиши ва муваффақиятли фаолият кўрсатишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси қарогоҳи Тошкентда жойлашган.
Ўзбекистон ШҲТ халқ дипломатияси шаклланиши ва ривожланишининг ташаббускори ҳисобланади. 2019 йил январь ойидан бери Тошкентда фаолият юритаётган ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш йўлида изчил фаолият юритмоқда.
Бир сўз билан айтганда, роппа-роса 21 йил аввал бошланган Ўзбекистон ва ШҲТ ўртасидаги самарали ҳамкорлик бундан кейин ҳам барқарор тараққиётга хизмат қилаверади.
Аброр ҒУЛОМОВ,
ЎзА