Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Малайзияда намойиш этилди
Малайзиянинг Куала- Лумпур шаҳрида ўтказилган MATTA Fair — Малайзиянинг энг йирик сайёҳлик кўргазмасида Туризм қўмитаси ва мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхонаси кўмагида Ўзбекистоннинг миллий стенди намойиш этилди.
Ушбу тадбирда иштирок этиш халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, миллий сайёҳлик маҳсулотларини тарғиб қилиш ҳамда минтақанинг туризм соҳаси вакиллари билан бевосита алоқалар ўрнатиш учун муҳим қадам бўлди.
Кўргазма давомида мамлакатимизда фаолият юритаётган тўроператорлар ва туризм соҳаси вакиллари Малайзиянинг йирик туристик компаниялари ҳамда ассоциациялари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, мамлакатимизнинг туризм ва инвестиция салоҳиятини тарғиб қилиш, шунингдек, “Умра плюс” дастурини амалга ошириш каби масалалар юзасидан бир қатор B2B учрашувлар ўтказди.
Бундан ташқари, кўргазма меҳмонлари учун Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига оид тақдимот ташкил этилди. Яқинда очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуаси ҳақидаги видеоматериаллар кенг тарғиб қилиниб, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ташриф буюрувчилар мамлакатимизнинг бой маданий мероси, тарихи, миллий таомлари ва меҳмондўстлик анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Ўзбек меҳмондўстлигининг рамзи сифатида миллий таом — ош тортилиб, минглаб меҳмонларга Ўзбекистон стенди ва миллий маҳсулотлар билан танишиш имкони яратилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА