Ўзбекистон Россиянинг ADVANCED компанияси билан фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Мамлакатимизда фармацевтика ишлаб чиқаришини ривожлантириш, дори воситаларини маҳаллийлаштириш, илғор технологияларни трансфер қилиш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга кенг имкониятлар яратилган.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов асосчиси ҳиндистонлик тадбиркор Ражеш Шарма бўлган Россиянинг ADVANCED компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни самарали ташкил этиш, жумладан R&D йўналишини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жумладан, фармацевтика маҳсулотлари турини кенгайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро сифат стандартларига мувофиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Компания вакилларига Ўзбекистонда фармацевтика ишлаб чиқаришини жойлаштириш учун мавжуд имкониятлар, ҳудудни ривожлантириш режалари ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар тақдим этилди, дейилади Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотида.
Учрашув якунида томонлар маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери ва замонавий фармацевтика ечимларини жорий этишга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзолади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА