Ўзбекистон - Россия: Янги Евросиё меъморчилигида стратегик шерикликнинг янги босқичи
Жаҳон иқтисодиёти қайта тақсимланиш босқичига кирмоқда. Анъанавий савдо йўналишлари ўзгаряпти, технологик марказлар янгидан шаклланяпти, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект давлатлар рақобатбардошлигини белгилаётган асосий омилга айланмоқда. Ана шундай мураккаб ва тезкор ўзгаришлар шароитида 2026 йил июнь ойида бўлиб ўтган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми нафақат иқтисодий мулоқот, балки келажак тараққиёт моделлари муҳокама қилинган муҳим сиёсий-иқтисодий майдон сифатида намоён бўлди. Форумнинг энг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ялпи мажлисдаги иштироки ва илгари сурган ташаббуслари бўлди. ЎзА мухбири мавзу юзасидан сиёсатшунос Сайфиддин Жўраевнинг фикрини ёзиб олди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия муносабати оддий икки томонлама алоқа доирасидан чиқиб, кенг қамровли шерикликка айланган. Санкт-Петербург форумида билдирилган таклиф ва ғоялар ҳам айни жараён янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатди. Эътиборли жиҳати шундаки, илгари ҳамкорлик асосан савдо ва сармоя атрофида шаклланган бўлса, энди рақамли иқтисодиёт, юқори технология, инсон капитали, саноат кооперацияси ва атом энергетикаси каби стратегик соҳалар кун тартиби марказига чиқмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар бир-бири билан узвий боғлиқлиги диққатга сазовор. Бу ғоялар алоҳида лойиҳа эмас, балки келажак иқтисодиётини шакллантиришга қаратилган ягона тизимнинг таркибий қисми сифатида намоён бўлди. Хусусан, инсон капиталини ривожлантириш бўйича қўшма онлайн-платформа яратиш таклифи ёндашувнинг муҳим унсуридир.
Замонавий иқтисодиёт шароитида табиий ресурсдан кўра билим ва технология фойдалироқ қиймат яратаётгани сир эмас. Шу нуқтаи назардан РФ билан ҳамкорликда таълим, IT-технология, касбий тайёргарлик ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган рақамли платформани шакллантириш ташаббуси келажак учун инвестиция сифатида баҳоланди. Зеро, шу тариқа икки мамлакат меҳнат бозорини яқинлаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва рақобатбардош инсон капиталини шакллантириш имкони кенгаяди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган яна бир муҳим таклиф бандликнинг ягона рақамли профилини шакллантириш ғоясидир. Бир қарашда техник ташаббусдек кўринган ушбу таклиф аслида иқтисодий интеграциянинг янги босқичини англатади. Зеро, рақамли меҳнат бозори ишчи кучи ҳаракатини самарали ташкил этиш, мутахассислар эҳтиёжини аниқ тахмин қилиш ва сунъий интеллектга асосланган янги хизмат турларини ривожлантириш мумкин.
Ташаббуслар асносида рақамли трансформация соҳасидаги мақсадимиз ҳам яққол намоён бўлди. Ўзбекистон етакчиси қўшма рақамли экотизим яратиш, рақамли савдо қоидасини яқинлаштириш ва миллий брендларни ўзаро платформаларда тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлади. Бу келажакда иқтисодий алоқа асосан виртуал маконга кўчиши билан боғлиқ тенденцияга мос.
Аслида XXI аср иқтисодиётида рақамли майдон янги транспорт йўлаги вазифасини бажармоқда. Яъни, шундай платформани бошқараётган ёки айни жараёнда фаол иштирок этаётган давлат қўшимча иқтисодий афзалликка эга бўлади. Шу нуқтаи назардан биз учун Россия билан рақамли макондаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилиш иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини шакллантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегия сифатида кўрилади.
СПХИФ-2026 доирасида янграган рақамлар ҳам ўзаро муносабат кўламини кўрсатади. Сўнгги ўн йил ичида икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси уч баробардан кўп ошган. Қўшма лойиҳалар қиймати 50 миллиард долларга етгани эса алоқаларимиз савдо даражасидан чиқиб, сармоя ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги босқичига ўтганини англатади.
Энг муҳими, форумда яқин истиқбол учун мўлжалланган тахминан 5 миллиард долларлик янги инвестиция тўплами ҳақида ҳам маълум қилинди. Демак, нафақат мавжуд ҳамкорлик суръати сақланиб қоляпти, балки икки давлат бизнес доиралари келажакка ишонч билан қарамоқда.
Анжуманда илгари сурилган ташаббуслар орасида саноат кооперацияси ажралиб туради. Президент Шавкат Мирзиёев таклиф этган “Технологик саноатлаштиришнинг Евросиё камари” концепцияси нафақат икки давлат муносабати, балки бутун минтақа иқтисодий келажагига дахлдор ғоя сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур ташаббус моҳияти ишлаб чиқариш жараёнини ўзаро боғлаш, технология кластерини шакллантириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат. Яъни, гап оддий савдо муносабати эмас, балки технология яратишдан тортиб, кадр тайёрлаш, маҳсулотни ишлаб чиқариш ва ташқи бозорга олиб чиқишгача бўлган ягона занжир шакллантириш ҳақида кетяпти.
Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ўзгариш мамлакатларни янги ишлаб чиқариш моделларини излашга ундамоқда. Геосиёсий рақобат, таъминот занжиридаги узилиш ва технологик чеклов шароитида иқтисодий барқарорлик кўп жиҳатдан ички саноат салоҳиятига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Россия ўртасида шаклланаётган саноат кооперацияси ҳар икки мамлакат учун узоқ муддатли иқтисодий хавфсизликнинг муҳим омили сифатида намоён бўлмоқда.
Форум доирасида атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланар экан, қувват ресурсларига талаб ҳам муттасил ошмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, келгуси ўн йилликда мамлакатнинг электр токига эҳтиёжи қарийб икки баробар ортади. Бундай шароитда атом энергетикаси барқарор ва узоқ муддатли қувват манбаи сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Президентлар учрашуви доирасида АЭС қурилишига старт берилгани муносабатнинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида қайд этилди. Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати йирик ва кичик қувватли реакторларни бирлаштирган мажмуа асосида амалга оширилаётганида. Бу эса Ўзбекистоннинг энергетика мустақиллигини мустаҳкамлаб, юқори технологияли саноат тармоғи ривожи учун ҳам мустаҳкам замин яратади.
Атом энергетикаси фақат электр энергияси ишлаб чиқариш билан чекланмай, юқори малакали муҳандислар, илмий тадқиқот ва замонавий технология тизимини ҳам талаб қилади. Шу боис Президент томонидан Ўзбекистонда МИФИ миллий тадқиқот ядро университети филиалини очиш ташаббуси илгари сурилиши бежиз эмас. Шу тариқа келажакда миллий муҳандислик мактабимиз янада кучаяди.
Иқтисодий ҳамкорликнинг инсонпарварлик ўлчами ҳам эътибордан четда қолмади. “Самарқанд – Санкт-Петербург” креатив-туристик йўлагини ташкил этиш таклифи икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқани янги мазмун билан бойитишга қаратилган. Санъат фестивали, кино форуми, музей кўргазмаси ва гастрономия тадбирлари халқларимиз ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Бугунги рақобат шароитида иқтисодий ҳамкорлик муваффақияти кўп жиҳатдан инсонлар ўртасидаги ишонч муҳитига боғлиқ. Шу маънода туризм, маданият ва таълим соҳасидаги алоқалар шерикликнинг муҳим таянчи ҳисобланади. 2025 йил Ўзбекистонга қарийб бир миллион нафар россиялик сайёҳ ташриф буюргани ҳам ушбу жараённинг амалий ифодасидир.
Форумда янграган яна бир муҳим ғоя Марказий Осиёни мустақил иқтисодий ўсиш маркази сифатида шакллантириш масаласи бўлди. Президент таъкидлаганидек, минтақа эндиликда фақат транзит ҳудуди ёки йирик давлатлар манфаати кесишадиган макон эмас. Марказий Осиё тобора мустақил иқтисодий, демографик ва инвестициявий салоҳиятга эга бўлган янги ўсиш қутбига айланмоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Географик жойлашуви, ўсиб бораётган иқтисодиёти ва фаол ташқи сиёсати туфайли мамлакат Россия, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорини боғловчи муҳим кўприк вазифасини бажармоқда.
Транспорт йўлаги, энергетика тармоғи, рақамли платформа ва ишлаб чиқариш занжири уйғунлашуви айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Анжуман натижаси кўрсатдики, Ўзбекистон – Россия муносабати янги сифат босқичига чиқмоқда. Аввал асосан савдо ва иқтисодий алоқа билан белгиланган ҳамкорлик бугун технология, атом энергетикаси, рақамли трансформация, инсон капитали ва маданий дипломатияни қамраб олган кенг қамровли шерикликка айланмоқда.
Энг муҳими, ушбу жараён икки давлат манфаатидан ташқари, бутун Евросиё маконидаги иқтисодий вазиятга таъсир кўрсатиш салоҳиятига эга. Шу маънода Санкт-Петербург форумида билдирилган ташаббуслар нафақат бугунги кун, балки келгуси ўн йилликлар тараққиёти учун ҳам муҳим сиёсий, иқтисодий йўл харитаси вазифасини бажариши шубҳасиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА