Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни нишонланди
Тошкентдаги Халқаро анжуманлар саройида 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Бинонинг кириш қисмида “ИИВ таълим муассасалари: кеча ва бугун” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” номли фото ва видеокўргазмалар ташкил этилди.
Унда ички ишлар органларининг мустақиллик йилларидаги шаклланиш жараёнлари ҳамда Янги Ўзбекистон шароитидаги замонавий, профессионал ва халқчил ички ишлар органларининг фаолияти изчил ва чуқур акс эттирилган.
Мазкур кўргазмалар орқали тадбир иштирокчилари тизимнинг узоқ ўтмиши, тарихий босқичлари ва ҳозирги кундаги кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Эксперт-криминалистика, Жамоат тартибини сақлаш ва Қўриқлаш хизматлари учун ажратилган махсус жойларда олдинги даврлар ва замонавий махсус анжомлар, энг илғор махсус техникалар, хизмат автомобиллари ҳамда ҳар бир хизматнинг ўзига хос фаолиятини намойиш этувчи кўргазмали чиқишларда эса ички ишлар органларининг ўттиз беш йиллик ривожланиш йўли кўрсатиб берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти раҳбари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг тизим ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Президент табригида ички ишлар органлари ходимларининг мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини сақлаш ҳамда халқ манфаатларига хизмат қилиш борасидаги фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш ва аҳоли билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар таъкидланди.

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш борасида ички ишлар органлари олдига муҳим вазифалар қўйилди. Соҳа фаолияти самарадорлигини янада ошириш, халқ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳар бир ходимнинг хизмат бурчига садоқатини юксалтириш устувор вазифалардан экани қайд этилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида ички ишлар органлари ходимларининг хавфли, масъулиятли ва шу билан бирга шонли фаолиятлари тараннум этилди.

Байрам дастури якунлангач, Тошкент осмонида дронлар кўриниш берди. Ўтказилган замонавий дрон-шоу пойтахт ҳудудида байрам куни ҳам узлуксиз хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларига байрам кайфиятини бағишлади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА