Ўзбекистон рақамли соҳада Швейцария тажрибасига юзланмоқда
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Симон Гигер билан учрашиб, икки давлатнинг рақамли соҳадаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Суҳбатда сунъий интеллект, инновациялар, инвестициялар ва илмий-тадқиқот йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.
Учрашувда Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёни, ахборот технологиялари соҳаси ва стартаплар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам сўз борди. Айниқса, ахборот технологиялари хизматлари экспортини ошириш, замонавий дастурий ечимлар ва бошқа технологияларни бирлаштирган янги стартапларни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Сунъий интеллект масаласи ҳам суҳбатнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Хусусан, таълим ва бошқа соҳаларда фойдаланиш мумкин бўлган очиқ ва амалий сунъий интеллект моделларини яратиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Швейцария компанияларининг Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларида иштирокини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, экспортни қўллаб-қувватлашда Швейцария тажрибасидан фойдаланиш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар давлат ташкилотлари билан бир қаторда хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни ҳам кучайтириш, рақамли технологиялар бўйича янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ва мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканини билдирди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА