Ўзбекистон рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнида янги босқичга қадам қўймоқда
Маълумки, Президентнинг жорий йил 17 апрелдаги “Қорақалпоғистон Республикасида махсус майнинг зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикасида “Besqala Mining Valley” махсус майнинг зонаси ташкил этилиши белгиланди.
Мазкур қарор майнинг фаолиятини амалга ошириш учун барча турдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва янги ишчи ўринлар яратиш орқали аҳоли даромадларини кўпайтириш мақсадида қабул қилинган.
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Абдулазиз Абдуразақов бу борада қуйидаги фикрларни билдирди:
– Мазкур қарор оддий технологик лойиҳа эмас. У бир вақтнинг ўзида учта стратегик йўналишни бирлаштиради. Жумладан, энергетика сиёсати, инвестицион либерализация ва рақамли молия тизимини. Ҳужжатда майнинг фаолиятини қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ташкил этиш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва крипто-активлар бозорини институционал шакллантириш асосий мақсад сифатида кўрсатилган.
Биринчи қарашда лойиҳа инновацион ва истиқболли кўринади. Чунки, бугунги глобал иқтисодиётда крипто-инфратузилма нафақат молиявий инструмент, балки геосиёсий таъсир воситасига ҳам айланмоқда.
Қарорда майнинг фақат қуёш ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбалари асосида амалга оширилиши белгиланган. Бу экологик ва энергетик босимни камайтириш нуқтайи назаридан муҳим ёндашув. Чунки, глобал тажриба шуни кўрсатадики, крипто-майнинг саноати электр энергиясини улкан ҳажмда истеъмол қилади. Айрим давлатларда бу ҳатто миллий энергия тизимига таҳдид сифатида кўрилмоқда. Хитойнинг бир неча йил олдин майнинг фаолиятини чеклаши ҳам айнан энергия хавфсизлиги билан боғлиқ эди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон эҳтиёткор моделни танламоқда. Қарорда қайта тикланувчи энергия манбаларига уланган субъектлар учун алоҳида тариф ва рағбат механизмлари ҳам назарда тутилган. Бу “яшил майнинг” концепциясини шакллантиришга уринишдир.
Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, аноним майнинг ва яширин операцияларга қарши қатъий чекловлар киритилганидир. Ҳужжатда терроризмни молиялаштириш, жиноий даромадларни легаллаштириш ва ноқонуний крипто операцияларига қарши талаблар аниқ белгиланган. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро молиявий мониторинг тизимидан четда қолишни истамаслигини англатади.
Аслида “Besqala Mining Valley” лойиҳаси фақат майнинг ҳақида эмас. Бу давлатнинг рақамли иқтисодиётга нисбатан янги фалсафасини ифодалайди. Яъни Ўзбекистон крипто-активларни бутунлай тақиқлаш эмас, балки назорат остида легаллаштириш моделини танламоқда.
Бироқ ҳар қандай “махсус зона” модели каби бу ерда ҳам институционал хавф мавжуд. Агар имтиёзлар шаффоф бўлмаса, резидентлар танлови адолатли амалга оширилмаса ёки энергетик ресурслардан фойдаланишда монополиялашув юз берса, лойиҳа инновацион платформадан кўра ёпиқ иқтисодий кластерга айланиши мумкин.
Қорақалпоғистоннинг танланиши ҳам алоҳида сиёсий ва иқтисодий сигнал ҳисобланади. Марказ узоқ йиллардан буён инвестицион жиҳатдан суст ҳудуд сифатида қаралган минтақага янги технологик идентитет беришга уринмоқда. Бу эса ҳудудий иқтисодий сиёсатнинг янги модели сифатида талқин қилиниши мумкин.
“Besqala Mining Valley”муваффақиятли ишлаши учун уч омил ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади: биринчиси — энергия барқарорлиги, иккинчиси — шаффоф регуляция, учинчиси эса глобал крипто бозоридаги тенденциялар билан мослашувчан интеграция.
Агар ушбу учлик таъминланса, лойиҳа Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги рақамли молия марказига айлантириши мумкин. Акс ҳолда эса у қиммат инфратузилмавий эксперимент сифатида тарихда қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Г.Бобоева, ЎзА