Ўзбекистон – Қозоғистон: Тошкентда Бухоро саммити якуни ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди
Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон – Қозоғистон иттифоқчилик муносабатларининг янги босқичи. Бухоро саммитидан сўнг қандай истиқбол кутиляпти?” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболини муҳокама қилиш, эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш ва янги таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Маълум қилинишича, 2025 йил якунига кўра, ўзаро савдо ҳажми 4,8 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 16,2 фоиз ошган. Томонлар ушбу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказишни стратегик мақсад сифатида белгилаб олган. Шунингдек, умумий қиймати 3,8 миллиард долларлик 52 та қўшма инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, қўшма корхоналар сони эса 1 100 дан ошган.
– Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари фаол стратегик шериклик ва иттифоқчилик босқичига кирган, – деди Қозоғистон Президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институти директори Жандос Шаймарданов. – Фикримни шаклланган инфратузилма, инвестиция ўсиши ва тобора жадаллашаётган маданий-гуманитар алоқалар ҳам тасдиқлайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги кун тартиби энди нафақат яқин йиллар, балки кейинги ўн йилликларни ҳам кўзлабтузилмоқда.
– Иттифоқчилик муносабатимиз парламентлараро ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратган, – дейди Ўзбекистон Рспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилором Файзиева. – Парламентлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқани ривожлантириш, шунингдек энергетика, сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлик масалалари муҳокамасида фаол иштирок этмоқда.
[gallery-28828]
Анжуманда Ўзбекистон ва Қозоғистон биргаликда Марказий Осиёдаги ҳамкорликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Давра суҳбати якунида икки томонлама ва минтақавий шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Дилшод Ҳакимов,
Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА