Ўзбекистон–Қирғизистон ректорлари форуми: таълим ва илм-фанда ҳамкорликнинг янги босқичи
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил кенгаймоқда.
Икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорларининг III форуми якунида имзоланган ўнлаб келишувлар академик алмашинув, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Форум давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ўртасида 40 га яқин меморандум, ҳамкорлик битими ва йўл хариталари имзоланди. Бу ҳужжатлар икки давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни институционал асосда янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эришилган келишувларга мувофиқ, учта йўналиш бўйича қўшма таълим дастурлари жорий этилади. Шунингдек, талабаларнинг икки мамлакат олийгоҳларида ўқиган фанлари бўйича кредитларни ўзаро тан олиш тизими йўлга қўйилади. Бу эса талабаларнинг академик ҳаракатчанлигини ошириш ва халқаро даражада рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Форумнинг яна бир муҳим натижаси сифатида 2026–2028 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” қабул қилинди. Унга кўра, ушбу даврда камида 100 нафар талаба ҳамда 80 нафар профессор-ўқитувчи икки мамлакат олийгоҳлари ўртасида академик алмашинув дастурларида иштирок этади.
Илмий ҳамкорликни кучайтириш ҳам форумнинг устувор йўналишларидан бири бўлди. Томонлар қўшма илмий лойиҳалар ва тадқиқот гуруҳларини шакллантириш, докторантлар учун қўшма илмий раҳбарлик тизимини йўлга қўйиш бўйича келишиб олди. Бу фундаментал ва амалий тадқиқотлар сифатини ошириш, олимларнинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш курслари, илмий семинарлар ҳамда “StudExpo–2026” халқаро кўргазма-танловини ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон–Қирғизистон ректорлари форумида эришилган келишувлар нафақат икки давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки Марказий Осиёда ягона таълим ва илмий маконни шакллантириш, талабалар ҳамда олимлар учун янги имкониятлар яратишга ҳам хизмат қилади. Форум якунлари олий таълим тизимида халқаро интеграция ва тажриба алмашинувини янада жадаллаштиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА