Ўзбекистон – Қирғизистон: фаровон келажак учун ишончли кафолат
Ҳозирги кунда Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланмоқда. Бу жараён тарихи, маданияти ва маънавий-маърифий қадриятларининг илдизи бир бўлган Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари стратегик шерикликнинг сифат жиҳатидан юқори босқичига кўтарилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Кейинги йилларда икки томонлама манфаатли платформанинг энг муҳим бўғини бўлган транспорт коммуникацияларини ривожлантириш борасида трансформацион ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли” лойиҳаси нафақат икки давлат, балки бутун қитъа учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, 2024–2025 йилларда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари якунланди ва қурилиш ишлари жадаллаштирилди.
Ўзбек ва қирғиз халқларини бирлаштирувчи энг муҳим омил бу умуммиллий маданий меросдир. Маданий-гуманитар соҳада икки қардош халқнинг буюк сиймолари – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Чингиз Айтматов номлари билан аталган шоҳкўча, марказий хиёбон ва маданият масканлари мавжуд. Қирғизистонда ўзбек тилидаги мактабларнинг қўллаб-қувватланиши ва Ўзбекистонда қирғиз маданияти кунларининг ўтказилиши дўстликнинг маънавий пойдеворини янада мустаҳкамламоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик алоқалари нафақат давлат миқёсида, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик даражасида ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, Андижон вилоятида миллатлараро тотувликни таъминлаш, Қирғизистон билан яхши қўшничилик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда Қирғиз миллий-маданий маркази Андижон вилояти бўлими алоҳида ўрин тутади.
Марказ томонидан Хонобод шаҳри, Булоқбоши, Жалақудуқ, Избоскан, Марҳамат, Қўрғонтепа, Пахтаобод ва Хўжаобод каби чегарадош туманларда истиқомат қирғиз миллатига мансуб фуқароларнинг тили, маданияти ва анъаналарини тарғиб қилишда асосий кўприк вазифасини ўтамоқда.
Айни вақтда Марказнинг Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги: маданият, қадрият ва мерос” номли лойиҳаси доирасида туркум маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни таъминлаш, миллий қадриятларга ҳурмат, ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш масалалари илгари сурилмоқда.
Шунингдек, 2024–2025 йиллар мобайнида Андижон вилоятидаги “Ҳамроҳ” ННТ ва Қирғизистоннинг Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жамғармаси (FSDS) ҳамкорлигида “Чегара ҳудудлар – Хонобод шаҳри ва Пахтаобод туманида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида чегара ҳудудлари хотин-қизлари бандлигини таъминлаш учун 136 миллион сўмлик замонавий ускуналар етказиб берилди.
Ўш шаҳрида ташкил этилган “Дўстлик кўприклари” халқаро форумида икки қўшни давлатнинг Фарғона водийси вилоятлари ёшлари тинчлик, фан ва технологиялар соҳасида ўзаро тажриба алмашди. Шунингдек, Қирғизистоннинг “Саймалуу-таш” масканида бўлиб ўтган семинарда Жалолобод ва Андижоннинг чегарадош ҳудудларидан ташриф буюрган аёл ва қизлар фаоллигини ошириш, ННТларнинг давлат органлари билан ҳамкорлиги механизмлари кенг муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳалар икки қардош халқ ўртасидаги ижтимоий жипслик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар азалий қардошликнинг намунасидир. Зеро, икки қардош халқлар ўртасидаги бирдамлик ва ҳамкорлик Марказий Осиё минтақасининг тинчлиги, барқарор ва фаровон келажаги учун ишончли кафолат бўлиб хизмат қилади.
Фарҳодбек Атахонов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
ЎзА.