Ўзбекистон – Қатар: Шериклик истиқболи
Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний вафоти муносабати билан Доҳада бўлди. Таъзия билдириш мақсадида амалга оширилган ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги сиёсий ишонч ва стратегик яқинликни яна бир бор намоён этди.
Умуман, сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қатар муносабати сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Хусусан, сиёсий мулоқот, инвестиция, энергетика, транспорт, туризм ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
ЎзА мухбири айни жараён хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети “Халқаро муносабатлар” кафедраси 1-босқич таянч докторанти Фотима Назарова билан суҳбатлашди.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қатарга ташрифи икки давлат муносабати нуқтаи назаридан қандай аҳамият касб этади?
– Бу ташриф, аввало, таъзия билдириш мақсадида амалга оширилган бўлса-да, ўзига хос сиёсий ва дипломатик мазмунга ҳам эга.
Халқаро муносабат амалиётида бундай сафарлар давлатлар ўртасидаги ишонч, ўзаро ҳурмат ва стратегик яқинликни ифода этувчи муҳим дипломатик восита ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан мазкур воқеани Форс кўрфази юртлари билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган ташқи сиёсий стратегиямизнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
– Бугун Қатарнинг халқаро майдондаги ўрни, жумладан Ўзбекистон учун аҳамияти нимада?
– Қатар Яқин Шарқнинг энг фаол дипломатик марказидан бири ҳисобланади. Мамлакат Араб минтақасидаги сиёсий жараёнда муҳим ўрин эгаллаб, халқаро воситачилик дипломатиясида ҳам улкан тажрибага эга.
Доҳада Афғонистон бўйича халқаро музокара, Ғазо инқирози юзасидан воситачилик ташаббуси ҳамда минтақавий можарони юмшатишга қаратилган жараён мунтазамлик касб этган. Шу боис Ўзбекистон учун Қатар билан яқин сиёсий мулоқотни ривожлантириш нафақат икки томонлама манфаатли, балки минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масаласига ҳам тааллуқли.
– Республикамиз ташқи сиёсатида Форс кўрфази давлатлари билан муносабат қандай ўрин тутган?
– Ҳозир Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқани ривожлантириш устувор йўналишга айланган. Хусусан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кувайт ва Ўмон Султонлиги билан сиёсий мулоқот сезиларли даражада фаоллашган. Бу ўлкалар орасида Қатар алоҳида ўрин эгаллайди. Зеро, мазкур давлат беқиёс сармоявий салоҳияти, дунё энергетика бозоридаги мавқеи, халқаро дипломатиядаги фаоллиги ва иқтисодий имконияти билан ажралиб туради.
– Доҳа билан муносабатимиз қандай босқичларни босиб ўтган?
– Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дипломатик муносабат 1997 йил ўрнатилган. Дастлаб географик масофа, иқтисодий алоқа чеклангани ҳамда ташқи сиёсат бошқа минтақаларга кўпроқ йўналтирилгани сабабли ҳамкорлик нисбатан секин ривожланган.
2016 йилдан кейин Ўзбекистон дунёга очилди ва Форс кўрфази давлатлари билан муносабатни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Айнан шу даврдан бошлаб Қатар билан алоқа ҳам изчил ривожлана бошлади.
– Ҳамкорликда қайси йўналишлар устувор?
– Бугун икки давлат муносабати уч мустаҳкам устунга таянган ҳолда ривожланмоқда.
Биринчиси – сиёсий ишонч ва мунтазам олий даражали мулоқот. Иккинчиси – сармоявий ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга умумий интилиш. Учинчиси – транспорт-логистика, энергетика, таълим, туризм ва маданий-гуманитар алоқалар орқали узоқ муддатли стратегик шерикликни шакллантириш.
– Иқтисодий ҳамкорликда қайси соҳалар энг истиқболли ҳисобланади?
– Икки давлат иқтисодий манфаати бир-бирини тўлдиради. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг йирик истеъмол бозори ва муҳим транспорт тугуни. Қатар эса мислсиз молиявий ресурс, замонавий логистика имконияти ва глобал инвестиция тажрибасига эга.
Келгусида “яшил” энергетика, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт йўлаклари ва ислом молияси каби йўналишлар стратегик шерикликнинг асосий драйверига айланиши мумкин.
– Энергетика соҳасидаги шериклик имконияти қандай?
– Қатар суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан биридир. Ўзбекистон эса энергетика тизимини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва самарадорликни оширишни устувор вазифа сифатида белгилаган. Шу нуқтаи назардан газ-кимё саноати, қуёш ва шамол энергетикаси, қувват сақлаш технологияси ҳамда электр тармоқлари модернизацияси бўйича қўшма лойиҳалар истиқболли саналади.
– Транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш қандай имкониятлар очади?
– Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим транзит давлат сифатида халқаро транспорт йўлакларини диверсификация қилишга интилмоқда. Қатар эса Ҳамад халқаро аэропорти ва денгиз порти орқали Яқин Шарқнинг йирик логистика марказига айланган. Ушбу имкониятдан самарали фойдаланиш экспортчиларимизга Форс кўрфази, Африка ва Жанубий Осиё бозорига чиқадиган йўлни кенгайтиради.
– Сиёсий ҳамкорлик нуқтаи назаридан келажакда қандай йўналишлар муҳим?
– Келгусида икки давлат муносабатини янада тизимлаштириш долзарб. Бунинг учун стратегик шериклик бўйича олий даражадаги кенгаш ташкил этиш, мунтазам сиёсий маслаҳатлашув механизмини ривожлантириш, ташқи ишлар вазирликлари мулоқотини тизимли давом эттириш ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим.
Умуман, Ўзбекистон ва Қатар муносабати бугун ўзаро ишонч, прагматизм ва умумий манфаатга асосланган ҳолда ривожланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва кўп қиррали ташқи сиёсати ҳамда Қатарнинг Марказий Осиёга нисбатан қизиқиши юқорилиги ушбу стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА