Ўзбекистон – Қатар: ўзаро ишончга асосланган умумий манфаат йўлида
Куни кеча Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида Тошкент шаҳрида 2024 йил 15 апрель куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида икки томонлама стратегик шериклик муносабатини ўрнатиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Шу муносабат билан “Аш-Шарқ” нашри мамлакатимизнинг Доҳадаги элчиси Ашраф Хўжаев билан махсус интервью уюштирди. Дипломатимиз мухбир билан суҳбат давомида мазкур ҳужжатда акс этган, ўзаро манфаатли сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган асосий устувор йўналишларга тўхталиб, Ўзбекистон – Қатар ҳамкорлиги тарихида янги боб бошланаётгани, амалга оширилаётган икки томонлама лойиҳалар ва учрашувлар келгусидаги шериклик истиқболи ва ўзига хос хусусиятини ифодалашига эътибор қаратган.

– Кейинги йилларда жадал ривожланаётган ҳамкорлигимиз доирасида ушбу араб давлати Бош вазири ва ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммадбин Абдулраҳмон бин Жасим Ол Соний ўтган йил апрелда Тошкентга ташриф буюрган эди, – дейди А.Хўжаев. – Ўшанда “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ва Ташқи ишлар вазирлари иккинчи учрашуви доирасида Ўзбекистон ва Қатар ўртасида Икки томонлама стратегик шериклик муносабатини ўрнатиш тўғрисида Битим имзоланган. Турли соҳалардаги шерикликни мустаҳкамлашга асос солган бу ҳужжат умумий келажакка содиқлик белгиси сифатида ўзаро ишончга йўғрилган умумий манфаатни ифодалайди.
Мақолада Қатардаги биринчи элчимиз ўтган йил июнь ойидан “Qatar Airways” авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатнов йўлга қўйиб, икки пойтахтни бир-бирига яқинлаштирган ҳолда бизнес, туризм ва маданий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.
– Қатарга илк бор келганимда бу халқнинг сахийлиги, кўнгли очиқлиги мени ҳайратга солди ва мен имкон даражасида кўпроқ ҳамюртларимиз буни ўз бошидан кечиришларини истадим, – дейди Элчи. – Худди шундай, қатарликлар ҳам Ўзбекистон улуғворлигини Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги ҳайратланарли меъморчилик намуналаридан тортиб, Тошкентнинг гавжум кўчалари орқали кашф этишларини истаймиз.
Нашр ўтган йил ноябрь ойида Доҳа шаҳрида Қатар – Ўзбекистон иқтисодий, савдо ва техник ҳамкорлик бўйича қўшма қўмитаси биринчи йиғилиши бўлиб ўтганига ҳам урғу берган. Тадбир давомида икки томон вазирликлари, давлат идоралари ва ишбилармонлари иштирокида қизғин мунозара, истиқболли муҳокамалар бўлиб ўтган. Юртимизда барқарор сармоявий муҳит ва улкан салоҳият мавжудлиги, Қатар компанияларини Ўзбекистон бозорида кўпроқ кўриш истаги кучлилиги таъкидланган.
А.Хўжаев қатарлик сармоядорларнинг диёримизга қизиқиши ғоят қувонарли эканинига тўхталиб, шундай деди:
– Ишончим комилки, биз иқтисодий ҳамкорликнинг янги бобини очяпмиз. Бугунги мулоқот келгуси йиллардаги ҳамкорликни шакллантиради.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА