Ўзбекистон қанча кондиционер экспорт қилган?
Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида музқаймоқ ва салқин ичимликлар, музлаткич ва кондиционерлар жонга оро киради.
Айниқса, шу кунларда ҳаво ҳароратининг кескин ошгани хонадон ва ишхоналарга ўрнатилган кондиционерларнинг қадрини янада оширди.
Ҳозирги кунда шаҳару қишлоқлардаги деярли ҳар бир хонадонда кондиционерлар ўрнатилганига кўзингиз тушади. Бу ускуна хизматидан фойдаланиш кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Талаб ошиши эса, ўз навбатида, кондиционер ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришни тақозо этади. Бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда қўшма корхоналарнинг фаолияти алоҳида ўрин тутади.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган бу турдаги маҳсулотлар юртдошларимиз талабини қондириш билан бирга, хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг дастлабки 4 ойида Ўзбекистон 8 та хорижий давлатга қиймати 3,6 миллион долларга тенг бўлган кондиционер экспорт қилган. Кондиционер экспорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 2,5 миллион долларга ошгани маълум бўлади.
Ўзбекистон Озарбайжонга 2,4 миллион, Россияга 315,9 минг, Туркманистонга 304,4 минг, Тожикистонга 223,8 минг, Қозоғистонга 159,9 минг, Қирғиз Республикасига 59,6 минг, Молдовага 38,8 минг, Яманга 18,3 минг долларлик кондиционер экспорт қилган. Бунда Тошкент шаҳри 2,7 миллион долларлик, Тошкент вилояти 796,4 минг долларлик, Андижон вилояти 0,9 минг долларлик кондиционер экспортини амалга оширган.
Бир сўз билан айтганда, хонадон ва ишхоналаримизни жазирамада совутиб, қаҳратонда иситиб берувчи кондиционерлар ҳаётимизнинг мавсумий ҳамроҳига айланиб бормоқда. Мамлакатимизда бу каби маиший техника воситаларининг замонавий, энергиятежамкор турлари кўпайиб, экспортдаги улуши ортиб бораётгани қувонарли, албатта.
Муҳтарама Комилова, ЎзА