Ўзбекистон Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллик тараққиёт йўлини сарҳисоб қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этди.
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда ШҲТ бош котиби Нурлан Ермекбаев ва ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев ҳам қатнашдилар этдилар.

Кун тартибига мувофиқ, ташкилотнинг 25 йиллик фаолияти давомида эришилган ютуқлар, барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ва биргаликдаги тараққиётни давом эттириш борасидаги истиқболли вазифалар муҳокама қилинди. Энг долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам очиқ фикр алмашилди.
Мажлисда делегациялар раҳбарлари Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан самимий табрикладилар. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ички ислоҳотлар, мамлакат барқарорлиги, хавфсизлиги ва равнақини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган прагматик ва очиқ ташқи сиёсат юксак баҳоланди.

Ўзбекистон етакчиси учрашув иштирокчиларини қутлар экан, қардош Қирғиз Республикаси Президенти ва халқига давлат суверенитетининг 35 йиллиги муносабати билан энг эзгу тилакларини билдирди. Мамлакат жадал суръатларда ривожланиб, унинг халқаро майдондаги нуфузи изчил юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Қирғизистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида эришилган самарали натижаларни юқори баҳолаб, мажлис кун тартиби ва қарорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлади.

Президентимиз ташкилот чорак аср давомида ўзининг зарурлиги ва самарадорлигини намоён этганини қайд этди. ШҲТ “Шанхай руҳи” тамойилларига амал қилган ҳолда, тенг ҳуқуқли мулоқотни таъминлади, минтақавий барқарорлик ва мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига кўмаклашди.

Ўзбекистон ШҲТ ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб унинг очиқ, блоклардан холи ва тинчликсевар ҳамкорлик платформаси сифатида мустаҳкамланишини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Марказий Осиё унинг географик ва стратегик ўзаги эканлиги алоҳида аҳамиятга эга.
Геосиёсий бўлиниш, ишонч тақчиллиги ортиб бораётган, можаролар кескинлашаётган ва халқаро ҳуқуқ емирилаётган шароитда Яқин Шарқда мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатиш зарурлиги яна бир бор қайд этилди.

Мамлакатимиз етакчиси ташкилот олдида турган энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.
“ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқишга киришиш таклиф этилди.
– Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқиш белгиланди. Мазкур харита ишбилармонлар, инвесторлар ҳамда давлат тузилмалари учун яратилган ягона универсал рақамли дарчада махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистика тизимини бирлаштиради.

Ҳозирнинг ўзидаёқ амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар қаторида ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга тушириш ҳамда Ҳукумат раҳбарлари кенгаши транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар портфелини шакллантиришни бошлаши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Ўзбекистон етакчиси ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича бутунжаҳон ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини олқишлаб, ШҲТнинг ушбу янги технологик альянс билан шериклик ўрнатишини таклиф қилди. Ташкилотнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарларга жавобан ШҲТ доирасида озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича ягона кун тартибини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Ушбу кун тартибини илгари суриш мақсадида ШҲТнинг комплекс дастурлар, технологиялар ва илғор билимлар алмашинувини мувофиқлаштирадиган ихтисослашган механизмини ташкил этиш таклиф этилди.
2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бу йўналишдаги қадамлардан бири сифатида кўрсатиб ўтилди.
Халқаро транспорт йўлакларининг кенг тармоқли тизимини шакллантириш мақсадида ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш минтақа хавфсизлиги ва тараққиётининг асосий шарти экани таъкидланди. Шу муносабат билан ШҲТнинг Афғонистон вакиллари билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш ташаббуси илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ тўғрисидаги низомнинг қабул қилиниши ташкилот институционал ривожланишининг янги босқичини бошлаб беришига ишонч билдириб, марказнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини таъкидлади.
Қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2028-2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
Якунда давлатимиз раҳбари Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилиб олгани муносабати билан табриклади.
Йиғилишдан сўнг ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Хусусан, Бишкек декларацияси, 2002 йил 7 июндаги ШҲТ Хартиясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома, ядровий ва жисмоний ядровий хавфсизликни таъминлаш йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.