Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди
Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон – Жанубий Корея Алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Президентига Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мённинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Етакчиларнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Чуқур тарихий дўстлик ришталари, ўхшаш менталитет, анъаналар ва қадриятларга асосланган икки томонлама алоқалар изчил ривожланмоқда.
Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсиб бормоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошди. Мамлакатимизда қарийб 1 мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. Ушбу мамлакат компаниялари учун махсус саноат зонасини ташкил этиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

Корея Эксимбанки ва унинг жамғармалари билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик юқори баҳоланди. Улар иштирокидаги лойиҳаларнинг умумий портфели 2 миллиард доллардан ошди.
Кўп тармоқли клиника, кимё маркази ва фармацевтика парки қурилиши давом этмоқда. Бугун Тошкент – Хива йўналишида биринчи “Hyundai Rotem” поезди қатнай бошлади.

Ўзбекистон Президенти устувор йўналишларда янги инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш ва ҳудудлараро алмашинувларни жадаллаштириш муҳимлигини қайд этди. Давлат молиясини бошқариш тизимини рақамлаштиришда Корея томони кўмаклашишига умид билдирилди.
Жорий йил куз ойида Сеул шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё – Корея” саммити ва бошқа олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.