Ўзбекистон прагматик,фаол ташқи сиёсат юритмоқда
Пойтахтимизда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан «Ўзбекистоннинг янги, прагматик ва фаол ташқи сиёсати» мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлилий маркази ва Марказий Осиё халқаро институти эксперт-сиёсатчилари ҳамда халқаро тадқиқотчилар иштирок этган тадбирда Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизнинг халқаро муносабатлар тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, мамлакатнинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш каби масалаларнинг сўнгги йиллардаги моҳияти муҳокама қилинди.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг янги, прагматик ва фаол ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий ҳамкорлик жадаллашиб, савдо-иқтисодий алоқалари яхшиланди, –деди «Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимов. –Хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдо айланмаси 2019 йилда 5,2 миллиард АҚШ долларига чиқди, 2020 йилда эса глобал пандемияга қарамай, бу кўрсаткич 5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистон раҳбарияти минтақавий ҳамкорликка содиқлигини глобал пандемиянинг дастлабки давриданоқ яна бир бор намойиш этди ва Марказий Осиёда “CОVID-19» га қарши биргаликда курашиш ташаббусини илгари сурди. Хусусан, минтақа давлатлари ўртасида пандемия оқибатларини бартараф этиш юзасидан тажриба алмашиш ва инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш йўлга қўйилди.
Шунингдек, тадбирда экспертлар томонидан сўнгги йилларда экспортни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 72 фоизга ўсиб, 2016 йилдаги 24,2 миллиард АҚШ долларидан 2019 йилда 41,8 миллиард долларга етгани қайд этиб ўтилди.
Суҳбат давомида иштирокчилар томонидан «Марказий Осиё минтақавий тартибини шакллантиришда Ўзбекистоннинг роли», «Ўзбекистоннинг дунё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш», «Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш» ҳамда «Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги» каби мавзулардаги маърузалар тингланиб, муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА