Ўзбекистон полвонлари Осиё чемпионати бешинчи кунида учта медални қўлга киритди
Қозоғистоннинг Остона шаҳри мезбонлик қилаётган спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатида навбатдаги кун беллашувлари якунланди. Кечки дастурдан ўрин олган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди.
- 70 килограмм вазн тоифасининг финалида гиламга чиққан эркин курашчимиз Зафарбек Отахонов қозоғистонлик Санжар Досановга 0:2, -79 килограмм вазн тоифасининг ҳал қилувчи баҳсида эса Бекзод Абдураҳмонов бошқа бир қозоғистонлик атлет Болат Сакаевга 4:7 ҳисобида имкониятни бой берди.
Шу тариқа ҳар икки полвонимиз мазкур қитъа биринчилигини кумуш медаль билан якунлади.
Чемпионатда терма жамоамиз ҳисобига ёзилган яна бир бронза медалига Махсуд Вейсалов муаллифлик қилди. -97 килограмм вазнда учинчи ўрин учун баҳс олиб борган ҳамюртимиз ҳиндистонлик Дипак Дипакдан 12:9 ҳисобида устидан келди, – дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг тўртинчи кун баҳсларида -57 килограмм вазнда иштирок этган ҳамюртимиз Лайло Собирова кумуш, -53 килограмм вазнда Актенге Кеунимжаева бронза, учинчи кунида 50 килограмм вазн тоифасида Жасмина Иммаева кумуш медаль соҳибига айланган, иккинчи кунида эса - 67 килограмм вазн тоифасида барча рақибларни мағлуб этган Аброр Отабоев олтин медаль билан тақдирланган эди.
Осиё чемпионатининг биринчи кунида эса Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган.
Жумладан, - 63 килограмм вазннинг финалида курашган Шермуҳаммад Шарибжонов эронлик Имрон Муҳаммадига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланган, Ихтиёр Ботиров (- 55 килограмм) ҳамда Жалгасбай Бердимуратов (- 87 килограмм) бронза медали учун кечган баҳсни муваффақиятли якунлаб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишганди.
ЎзА