Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари икки давлат етакчи ОАВ нигоҳида
Хабарингиз бор, шу кунларда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси давом этяпти.
Аввало, глобал ҳамкорлик доирасида кўп томонлама алоқалар ривожига хизмат қиладиган ушбу форум, қайсидир маънода, давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни яна бир поғона юқорига кўтариши шубҳасиз.

Қайд этиш жоиз, мазкур йирик халқаро тадбир доирасидаги воқеалар, кутилганидек, жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари диққат-эътиборини жалб қилган. Табиийки, Ўзбекистон ва Озарбайжон медиа майдони ҳам шу қайноқ жараён марказида.
Хусусан, анжуманнинг очилиш маросими олдидан АзерТАЖ расмий веб-сайтида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов ва Озарбайжон давлат ахборот агентлиги Бошқаруви Раиси Вугар Алиев муаллифлигида “10 йиллик дўстлик йўли – Қардошликдан иттифоқчиликкача” сарлавҳали мақола эълон қилинди.


Икки давлат ўртасидаги асрий теран илдизларга таянган яқин шерикликнинг тарихи ва бугуни мухтасар тавсифланган, барча соҳалардаги Ўзбекистон – Озарбайжон алоқаларининг жорий ҳолати ва истиқболи чуқур таҳлил қилинган, қолаверса, давлатларимизнинг етакчи ахборот агентликлари яқин ҳамкорлиги самарасини яна бир намойиш этган ушбу материал ҳар икки мамлакат ОАВда ижобий акс-садо бермоқда.


Масалан, uza.uz сайтида ўзбек, рус, инглиз ва бошқа тилларда эълон қилиниб, ЎзАнинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларига жойлаштирилган мақола ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муассислигидаги “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока”, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари муассислигидаги “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида тўлиқ босилди.
ЎзА