Ўзбекистон - Озарбайжон ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Озарбайжон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, қардошлик, ўзаро ишонч ҳамда иттифоқчилик руҳида изчил ривожланиб бораётган муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар икки давлат раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси, яқин ва ишончли мулоқоти натижасида Ўзбекистон - Озарбайжон стратегик шериклиги мутлақо янги сифат босқичига кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Кейинги йилларда сиёсий мулоқот жадаллашгани, шартномавий-ҳуқуқий база сезиларли даражада мустаҳкамлангани, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ҳудудлараро ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани қайд этилди.

Парламентлараро ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди. Олий даражада эришилган келишувларни қонунчилик жиҳатидан таъминлаш, уларнинг амалий ижросини қўллаб-қувватлаш бўйича парламентлар ўртасида тизимли ва самарали ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Суҳбат чоғида парламентларнинг тегишли қўмиталари, дўстлик гуруҳлари ва парламентлараро ҳамкорлик комиссиялари ўртасидаги мулоқотни янада фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати соҳаларида илғор тажриба алмашиш, шунингдек, халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Учрашув якунида Г.Гулиевнинг Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси юксак баҳоланди ва унга келгуси фаолиятида муваффақият тилаб қолинди.
Н.Абдураимова, ЎзА