Ўзбекистон ўсмир дзюдочилари Осиё чемпионатини ишончли бошлади
Иордания пойтахти Амман шаҳрида ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги дзюдо бўйича Осиё чемпионатининг биринчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди. Кадетларимиз 6 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза, жами 12 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида етакчилар сафидан ўрин олди.
Осиёнинг энг кучли ёш дзюдочилари иштирок этаётган қитъа чемпионатининг илк кун баҳслари Ўзбекистон терма жамоасининг устунлиги остида ўтди. Аурелиан-Чиприан Флис мураббийлигидаги кадетларимиз нафақат медаллар сони, балки барқарор натижалари билан ҳам эътиборни тортди.
Мусобақанинг биринчи куни татамига чиққан 12 нафар ўзбекистонлик дзюдочининг барчаси совриндорлар сафидан жой олгани терма жамоанинг пухта тайёргарлиги ва спортчиларнинг юқори спорт маҳоратидан далолат беради. Бу эса Осиё чемпионати каби нуфузли мусобақада камдан-кам кузатиладиган натижа ҳисобланади.
Қитъа чемпионлари сафидан Ирода Сирожиддинова (-40 кг.), Дилафруз Болтабоева (-44 кг.), Чарос Ҳикматова (-48 кг.), Акбар Шарипов (-50 кг.), Давлатбек Аҳроров (-60 кг.) ва Акрамжон Каримов (-66 кг.) ўрин олди. Уларнинг ғалабаси шарафига Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси олти марта янгради.
Алина Колючева (-44 кг.) ҳамда Бобур Юсупов (-55 кг.) финалга қадар етиб бориб, кумуш медалларга сазовор бўлди. Моҳинур Оллаберганова (-48 кг.), Кумушбиби Эргашева (-52 кг.), Маъмуржон Абдуваҳобов (-50 кг.) ва Абубакр Сатторов (-60 кг.) эса бронза медалларини қўлга киритди.
Мазкур натижа Ўзбекистонда ёшлар дзюдосини ривожлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар самарасини яна бир бор тасдиқлади. Айниқса, бир куннинг ўзида олти нафар Осиё чемпионининг етишиб чиқиши ва барча иштирокчиларнинг медаль билан қайтиши мамлакат дзюдо мактабининг қитъа миқёсидаги рақобатбардошлигини яққол намоён этди.

Осиё чемпионати давом этади. Олдиндаги беллашувларда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари медаллар учун курашни давом эттириб, умумжамоа ҳисобидаги етакчиликни мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА