Ўзбекистон – Ўмон: сиёсий мулоқотдан иқтисодий натижалар сари
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан турли йўналишлардаги ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, янгидан-янги йўналишларда имкониятлар эшиклари очилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон – Ўмон ўртасидаги муносабатлар дўстона ва кўп қиррали бўлиб, сиёсий, иқтисодий, савдо, инвестиция, транспорт, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олади.
Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев Ўзбекистон ва Ўмон муносабатлари, инвестиция, транспорт-логистика ва махсус иқтисодий зоналар бўйича ҳамкорликлар ҳамда 16-17 ноябрь кунлари Маскат шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган бизнес-форумининг аҳамияти ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
— Яқинда Маскат шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон – Ўмон бизнес-форуми икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш учун муҳим майдон бўлиши кутилмоқда. Форум доирасида савдо ва инвестициялар, транспорт-логистика, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда туризм соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилиши белгиланган. «Made in Uzbekistan» кўргазмаси эса миллий маҳсулотларимизни янги бозорларга олиб чиқишга хизмат қилади.
Бундай мулоқотнинг аҳамияти фақат учрашувлар ёки имзоланиши мумкин бўлган ҳужжатлар сони билан ўлчанмайди. Энг муҳими, келишувларни ишлаб чиқариш қувватлари, барқарор савдо йўналишлари ва янги иш ўринларига айлантириш. Ўзбекистон ва Ўмоннинг иқтисодий имкониятлари айнан шу нуқтаи назардан бир-бирини тўлдиради: мамлакатимиз саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятига эга, Ўмон эса Ҳинд океанига туташ портлари ва халқаро логистика тармоқлари билан ажралиб туради.
Таъкидлаш лозимки, 1992 йил 22 апрелда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки давлат ўзаро ҳурмат ва амалий манфаатларга асосланган мулоқотни ривожлантириб келмоқда. Бугун сармоявий шерикликнинг кўлами кенгаймоқда. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Ўмон капитали иштирокида 10 та корхона фаолият юритмоқда, умумий қиймати 3,2 миллиард долларлик 20 та янги қўшма лойиҳа эса ишлаб чиқиш босқичида. Бу рақам ҳозирга қадар ўзлаштирилган инвестиция миқдорини эмас, истиқболли лойиҳалар портфелини англатади. Энди асосий вазифа уларни молиялаштириш, қурилиш ва ишлаб чиқариш босқичларига изчил ўтказишдан иборат.
Бунда Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компанияси – UzOman тажрибаси муҳим. Унинг капиталида Ўмон инвестиция бошқармаси 75 фоиз, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 25 фоиз улушга эга. Мазкур механизм қўшма лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш баробарида, технология ва бошқарув тажрибасини жалб қилиш имконини ҳам беради.
Ўзаро ҳамкорликдаги муҳим амалий қадамлар мунтазам давом этиб келяпти. Жумладан, логистика соҳасида мамлакатимиздаги ички юк терминалларини Ўмоннинг халқаро логистика тизими билан боғлаш учун янги шарт-шароитлар яратилмоқда. Ўмон ва Ўзбекистон ўртасида экспортга йўналтирилган саноат лойиҳалари, инвесторларга хизмат кўрсатишни соддалаштириш ва махсус иқтисодий зоналарни бошқариш тажрибалари алмашилмоқда. Ўмонда ўзбек маҳсулотлари учун савдо-тақсимот ва логистика марказларини ташкил этиш, уларни мамлакатимиздаги логистика тармоқлари билан боғлаш таклифлари икки томоннинг тегишли вазирликлари иштирокида муҳокама қилинган.
Иқтисодий алоқаларни инсонлар ўртасидаги мулоқот ҳам тўлдирмоқда. Жорий йил 4 июлдан Маскат-Тошкент йўналишида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилгани тадбиркорлар, туристлар ва илмий-таълим муассасалари учун қўшимча қулайлик яратди. Маданий мерос, зиёрат туризми ва академик алмашинувлар борасида ҳам фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.
Келгусида инвестиция лойиҳаларининг масъуллари, молиялаштириш манбалари ва муддатларини белгилаш, экспортчилар учун таққослама логистика тарифларини ишлаб чиқиш, махсус иқтисодий зоналар ўртасида тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, сув ва энергия тежовчи қўшма лойиҳаларнинг натижаларини мунтазам баҳолаш каби ёндашувлар икки томонлама мулоқотни барқарор иқтисодий самарага айлантиришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги мулоқот ва ишбилармонлик учрашувлари амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА