Ўзбекистон оилавий гиперхолестеринемияга қарши глобал курашга қўшилди
Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Бутунжаҳон Юрак федерациясининг 2022 йилги холестеринга қарши кураш Йўл харитасида глобал соғлиқни сақлаш тизими олдида оилавий гиперхолестеринемия – қондаги холестерин миқдорининг нормадан юқори бўлиши (ОГХ) муҳим муаммолардан бири сифатида келтирилади. Бу ирсий касаллик одам туғилганидан бошлаб қондаги “ёмон” холестерин – LDL даражасининг юқори бўлишига сабаб бўлади ва юрак-қон томир касалликлари хавфини кескин оширади.
Ўзбекистон учун ушбу муаммо айниқса долзарб ҳисобланиб, юрак-қон томир касалликлари барча ўлим ҳолатларининг қарийб 60 фоизини ташкил этади. Уларнинг катта қисми атеросклероз билан боғлиқ бўлиб, бу ҳолат дислипидемияни барвақт аниқлаш ва назорат қилишни стратегик вазифага айлантиради. Давлат томонидан белгиланган мақсад — 2030 йилга қадар юрак-қон томир касалликларидан эрта ўлимни 30 фоизга камайтириш — айнан шу йўналишдаги самарали чора-тадбирларни талаб этади.
Маълумотларга кўра, дунёда оилавий гиперхолестеринемия ҳар 200 кишидан бирида учрайди. Шу ҳисоб-китобларга таянилса, Ўзбекистонда тахминан 190 минг нафар аҳоли ушбу касаллик билан яшамоқда. Энг хавфлиси, ОГХ кўп ҳолларда ўз вақтида аниқланмайди ва 25-55 ёшдаги инсонларда юрак инфаркти хавфини бир неча баробарга оширади.
Айнан шу муаммони ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро тиббий ҳамжамиятга қўшилди. Республика Ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Ўзбекистон Кардиологлар ассоциацияси бир қатор йирик халқаро ташаббусларда иштирок этмоқда. Жумладан, Европа Атеросклероз жамияти томонидан амалга оширилаётган глобал ташаббуслар, Шарқий Европа миқёсидаги скрининг лойиҳалари ҳамда гомозигот ОГХ бўйича халқаро клиник ҳамкорлик дастурлари шулар жумласидан.
2025 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Европа Атеросклероз жамиятининг “Липид клиникалари тармоғи”га ҳам қўшилди. Бу иштирок нафақат тажриба алмашиш, балки илғор диагностика ва даволаш усулларини мамлакатга жорий этиш имконини яратмоқда. Айниқса, янги авлод секвенирлаш технологиясининг жорий қилиниши муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган илмий грант доирасида илк бор ўзбек популяциясида ОГХнинг генетик вариантлари чуқур ўрганилмоқда.
Тадқиқотнинг дастлабки босқичидаёқ салмоқли натижаларга эришилди: 2025 йилда юрак ишемик касаллиги ва ОГХга чалинган беморларда 10 та патоген генетик вариант ва 21 та ноаниқ аҳамиятга эга вариант аниқланди. Бу эса оилаларда каскадли скрининг ўтказиш, яъни қариндошларда касалликни эрта босқичда аниқлаш имконини бермоқда.
Айнан эрта ташхис ва профилактика юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу маънода, Ўзбекистоннинг халқаро илмий лойиҳаларга қўшилиши нафақат миллий соғлиқни сақлаш тизими ривожига, балки бутун минтақада ушбу касалликка қарши кураш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистон оилавий гиперхолестеринемияни ўрганиш ва даволаш бўйича глобал саъй-ҳаракатларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бу эса келажакда юрак-қон томир касалликларидан келиб чиқадиган хавфларни камайтириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА