Ўзбекистон мустақил саёҳатлар бўйича дунёнинг кучли бешлигидан жой олди
Ўзбекистон халқаро сайёҳлик рейтингларида яна бир бор юқори натижа қайд этди. Мамлакат мустақил, яъни ҳамроҳсиз саёҳат қилишни истаган сайёҳлар учун дунёнинг энг яхши йўналишлари қаторидан жой олди.
Нуфузли халқаро сайёҳлик платформаси "Муч Better Adventures" томонидан эълон қилинган "Соло Travel Index 2026" рейтингида Ўзбекистон соло саёҳатлар учун дунёнинг энг яхши бешта йўналишидан бири сифатида қайд этилди.
Рейтингни шакллантиришда саёҳатчиларнинг таассуротлари, "Глобал Peace Index" кўрсаткичлари, виза олиш қулайлиги, овқатланиш харажатлари, йўналишларнинг хилма-хиллиги ҳамда пиёда саёҳат қилиш имкониятлари каби бир қатор мезонлар ҳисобга олинган.
Платформа Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли мероси, бой тарихий-маданий салоҳияти, табиий ландшафтлари ва ривожланган туризм инфратузилмасини мамлакатнинг асосий афзалликлари сифатида эътироф этган.
Хусусан, сайёҳларга Нурота тоғларидаги қадимий сўқмоқлар бўйлаб саёҳат қилиш, маҳаллий қишлоқлар ҳаёти билан яқиндан танишиш, анъанавий ўтовларда тунаш ҳамда Қизилқум орқали Ойдаркўлга бориш имкониятлари тавсия этилган.
Шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида шаклланган ноёб тарихий ва маданий меросини намоён этувчи муҳим сайёҳлик масканлари сифатида қайд этилган.
Ҳамроз Баёнов
ЎзА