Ўзбекистон мош экспортида ТОП-5таликда: илм-фан ютуқлари "мева"си
Ўзбекистон мош экспорти бўйича дунёнинг кучли бешлигига кирди. Бу ютуқларга эришишда илмий изланишлар ва янги, серҳосил навлар роли қандай?
Дунё миқёсида мош экин майдони тахминан 7.3 миллион гектарни ташкил этади ва ундан йилига ўртача 5.3 миллион тонна атрофида ҳосил йиғиб олинади. Статистик маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистон хорижий бозорларга 36.2 минг тонна мош экспорт қилган. Маҳсулотнинг асосий қисми сифати ва таъми жиҳатидан жуда юқори баҳоланиб, Хитой, Ветнам, Покистон ва Европа давлатларига катта ҳажмда юборилмоқда. Мамлакатимиз сўнгги йилларда дунё миқёсида қуруқ мош экспорти бўйича кучли бешликка киришга муваффақ бўлди. Албатта, ушбу ютуқларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Илм-фан билан амалиётнинг уйғун олиб борилиши ва селекционер олимларимизнинг илмий изланишлари серҳосил, экспортбоп навларнинг яратилишига сабаб бўлди.

Жумладан, Тошкент давлат аграр университети Бошқирдистон давлат аграр университети билан хўжалик шартномаси асосида мош экини бўйича тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Ушбу тадқиқот ишларида “Қишлоқ хўжалик экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги” кафедраси доценти Фозилбек Тўраев бошчилигида, профессорлар Сирожиддин Жўраев ва Гўзал Холмуродовалар билан биргаликда фаолият юритишиб, ушбу ўсимликнинг янги навларини ишлаб чиқаришга жорий этишга эришилди.
Олимларимиз томонидан яратилган ва истиқболли мош навларидан “Дурдона”, “Барқарор”, “Турон”, “Зилола”, “Маржона”, “Барака”, “Замин”, “Осиё” навлари республикамизда самарали экилиб келинмоқда.
- Айниқса, “Дурдона” нави эртапишарлиги, (65-70 кун) қурғоқчиликка ва иссиқликка, фузариоз касалликларига чидамлилиги, ҳосилдорлиги (дон ҳосили 2.0-2.5 т/га), механизация ёрдамида йиғиб олишга яроқлилиги билан ажралиб туради, - дейди биология фанлари доктори, профессор Сирожиддин Жўраев. “Барқарор” нави зараркунандаларга бардошлилиги, ҳосилдорлиги (дон ҳосили 2.4-2.5 т/га), механизация ёрдамида йиғиб олишга яроқлилиги ҳамда экспорт потенциали юқорилиги, баҳорги ва ёзги муддатда экиб ҳосил олишга яроқли ҳисоблангани учун деҳқонларимизга тавсия қилган бўлардим.
Шунингдек, “Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги” кафедрасида магистр ҳамда докторантлар билан биргаликда мош генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жумладан, профессор С.Жўраев раҳбарлигида 1-босқич магистри Муротбек Расулов айнан мош селекцияси борасида олиб борилган изланишларида ижобий натижаларга эришилган.
Юртимизда мош асосан кузги буғдойдан бўшаган майдонларга иккинчи экин сифатида экилгани боис, ердан йилига икки марта ҳосил олиш имконини беради ва деҳқонларга катта даромад келтиради. Қисман баҳор ойларида ҳам асосий экин сифатида ҳар йили ўртача 18–20 минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилади. Сўнгги йилларда ушбу экиннинг экспорт салоҳияти ошгани сабабли экиш кўлами янада кенгаймоқда.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА