Ўзбекистон мактабгача таълим тизимига янгича ёндашув
Мутахассислар хулосасига кўра, дунёнинг энг яхши таълим тизими Финландияда экан. Финландия Европанинг ривожланган мамлакатларидан бири ҳисобланади. Фин халқида шундай шиор бор: Болани ё ҳаётга тайёрлаш керак, ё имтиҳонга. Биз биринчисини танладик”. Бу мактабдан эмас, балки мактабгача таълим даргоҳидан бошлаб амал қилинади.
Зеро, боланинг мактабгача таълим муассасасида олган илк сабоғи, кўникмаси, билими унинг келажагини белгилайди. Бу даргоҳда кейинги таълим учун пойдевор қўйилади ва шахсий фазилатлар шаклланади. Шу боис барча ота-оналар фарзандини энг яхши боғчага беришни истайди.
Илғор хорижий мамлакатларда мактабгача таълимга болани индивидуаллаштириш, унинг ижобий ижтимоийлашувини психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш учун зарур дастур сифатида қаралади. Келинг ривожланган давлатлар мактабгача таълим тизими, методикаси билан баҳоли қудрат танишамиз.
Мактабгача таълими дунёдаги энг ривожланган тизимлардан бири ҳисобланадиган Хитойда боланинг кўриш қобилиятига, эстетик идрок этишига алоҳида эътибор қаратилади. Физиологик ва ақлий ривожланиши учун ажойиб шароит яратилади. Ўқитувчи болаларда маданият ва хулқ-атвор шаклланишини таъминлайди, уларнинг ижтимоийлашишига ёрдам беради, маданий хусусият ва анъаналарни ўргатади.
Японияда ҳам мактабгача таълим тизими жуда ривожланган. Кун чиқар юртда ҳар бир боланинг истеъдоди ва қобилиятини аниқлашга қаратилган кўплаб тўгараклардан ташқари, барча болалар саломатлигига жиддий эътибор қаратилади. Боғчаларда тиббиёт ходимлари - соғломлаштириш куратори, фармацевт, терапевт мавжуд. Деярли, барча болалар муассасаларида таътил пайтида фойдаланиш мумкин бўлган сузиш ҳавзаси бор.

Германияда эса болалар сертификат ва тестсиз исталган боғчага бемалол бориши мумкин. Олмон диёрида боғчалар карантин сабаб ёпилмайди, шунчаки ота-оналар касаллик тарқалиши хавфидан огоҳлантирилади. Соғлиғи, қобилияти ва истеъдодидан қатъи назар, бир-бири билан мулоқот қилишни хоҳлайдиган болалар учун ҳеч қандай чеклов йўқ.
АҚШда жисмоний ёки ақлий нуқсони бор бола оддий болалар билан бир гуруҳга кириши мумкин. Болалар ўхшаш муаммоли вазиятни енгиб ўтишда бир-бирига ёрдам беради. Уларга махсус ўқитувчилар ажратилади.
Швейцария мактабгача таълим тизими анъаналари, ўқитиш сифати ва тарихи туфайли Европадаги энг яхшилардан бири мақомини сақлаб келмоқда.
Швецияда мактабгача таълим боланинг умумий ривожланишига қаратилган бўлиб, ривожланиш махсус ўлчов ёки даража билан ўлчанмайди. Болаларни коллективлаштиришга, улар онгига атрофдагиларни ҳурмат қилиш кўникмасини сингдиришга алоҳида эътибор қаратилади. Болалар об-ҳаво шароитидан қатъи назар, очиқ ҳавода кўп вақт ўтказади.
Латвияда бу соҳа болани кейинги таълимга тайёрлаш мақсадини кўзлайди ва умумий таълим тизимининг бир қисми ҳисобланади. Венгрия ва бошқа бир қатор Шарқий Европа мамлакатларидаги мактабгача таълим тизими ҳам хусусиятига кўра Латвиядагидан, деярли, фарқ қилмайди.

Ҳиндистонда мактабгача таълим жараёни жуда қизиқарли кечади. Бу юртда болани кун бўйи қолдириш мумкин бўлган махсус муассаса ёки мактабдан олдин ўқиш мумкин бўлган тайёргарлик муассасалари мавжуд. Ҳиндлар болани мактабгача тайёрлаш, шунингдек, умумий билимни мустаҳкамлашга урғу берилади.
Мексикада айни соҳа кўп жиҳатдан Европа ва Америка тизимига ўхшайди. Ҳамма учун очиқ бўлган муассасалардаги ўқув дастури мажбурий, чунки мактабгача таълим муассасалари давлат умумий таълим тизимининг бир қисми. Болаларнинг шахсий ривожланишига, ижтимоийлашувига ва ҳаётда зарур бўладиган мулоқот қобилиятини ўзига сингдиришга диққат қилинади.
Эътибор беринг, аксарият мамлакатлар мактабгача таълим тизими ўхшаш: асосий тамойил - болани зарур билим билан таъминлаш, ақлий ва жисмоний ривожланиш учун мақбул шароит яратиш.
Туркия мактабгача таълим дастури ҳам Европа давлатларидагидан кўп фарқ қилмайди. Мусиқа, китобхонлик ва саводхонликка алоҳида эътибор қаратилади. Болалар доимий равишда театрга, кинога боради. Ўқитувчилар тез-тез бирор мавзуга оид машғулот ёки либослар тадбирини ўтказади. Туркияда айрим фанлар бўйича мажбурий таълим дастурлари йўқ.
Хорижий мамлакатларда мактабгача таълим тизими пуллими?

Швецияда кам таъминланган оилалар фарзандларидан боғча учун пул олинмайди, Грецияда ва Европанинг яна бир қатор мамлакатларида давлат мактабгача таълими мутлақо бепул. Хусусан, Франция, Норвегия, Швеция, Австрия, Болгарияда боғчада ота-она хоҳишига кўра текин таълим олиш имкони мавжуд. Исроилда таълим ойига, тахминан, 75 шекел, Латвияда 200 лат.
Буюк Британияда турли мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, молиялаштириш манбаси, таълим дастурининг мақсади, мазмуни, имтиёз ва молиявий имкониятига кўра, ўқувчилар контингенти билан фарқланади. Британия таълими "учдан бешгача". Бу жиҳат давлат даражасида тартибга солинади. Давлат дастурида уч ёшдан бошлаб болалар учун бепул мактабгача таълим кўзда тутилган.
Агар ота-она фарзандини хусусий муассасада ўқитишни хоҳласа, харажат қимматроқ бўлади. Масалан, АҚШда хусусий болалар боғчасида таълим йилига 30 минг долларга тушиши мумкин. Бошқа мамлакатларда ҳам вазият шунга яқин.
Юртимиздаги мактабгача таълим муассасаларида жараён қандай?
Мамлакатимизда 2018-2021 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 626 374 қувватга эга нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 116 267 қувватга эга 1 154 та давлат-хусусий шериклик ҳамда 510 107 қувватга эга 19 489 та оилавий нодавлат боғча иш бошлади.
Мактабгача таълимни ривожлантиришда ҳудудлар, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги фарқни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хорижий шериклар билан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида илғор педагогик технологияларни, инновацион ўқитиш усулларини жорий этилмоқда.
Юртимиздаги давлат мактабгача таълим муассасалари пулли бўлиб, боғчаларга бир бола учун 246 минг сўм тўлов жорий этилган. Хусусий боғчаларда эса 1,5 миллиондан 3 миллион сўмгача тўлов мавжуд.

Вазирлик берган маълумотга кўра, айни кунларда Ислом тараққиёт банки ҳамда Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЭК) ҳамкорлигида жами 53 миллион доллар миқдорида имтиёзли маблағ ажратилиши ҳисобига 200 дан зиёд давлат-хусусий шериклик лойиҳаси юзасидан музокара олиб борилмоқда.
Келишувга эришилган тақдирда лойиҳалар 2023 йилдан бошлаб молиялаштирила бошланади. 2022 йил давлат-хусусий шериклик асосида 100 та ҳамда оилавий шаклда 1 200 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши орқали қўшимча 45 мингдан зиёд қувват яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари Саудия тараққиёт жамғармаси билан умумий қиймати 10,9 миллион доллар миқдоридаги “Мактабгача таълим ташкилотларини яратиш” асосида 5 350 қувватга эга 48 та лойиҳа молиялаштирилиши назарда тутилган.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, мактабгача таълим тизимини самарали ташкил этишга ҳар қандай давлатда устувор вазифа сифатида қаралади. Зеро, мутахассислар фикрича, бола бутун умри давомида оладиган билимнинг 85 фоизини олти ёшга қадар эгаллар экан. Айни шу давр мактабгача таълим тизимига тўғри келади. Демак, бу тизимга ҳар қанча эътибор қаратилса ҳам кам.
Афсуски, ҳозирча мамлакатимиз мактабгача таълим муассасаларида болаларни янгича ёндашувлар асосида тарбиялаш жараёни намунали йўлга қўйилган, дея олмаймиз. Масалан, аксарият боғчаларимизда асосий машғулотлар ҳали эскича усулда ўтилади. Қолаверса, болажонларнинг эстетик маданиятини ривожлантириш, уларни санъат, маданиятга ошно қилиб улғайтириш, ўғил-қизларимизда атроф-муҳитга дўстона муносабатни шакллантириш учун табиат қўйнида машғулотлар ташкил этишга, деярли, вақт ажратилмайди.
Хулоса шуки, тизимга хорижий тажрибадан келиб чиқиб, янгича ғоялар олиб кириш, тарбиячи ўқитувчилар билими, тажрибасини ошириш, дунёқарашини ўзгартириш лозим.
Гўзал Сатторова, ЎзА мухбири