Ўзбекистон кубогида навбатдаги ғолиблар аниқланди
Спорт гимнастикаси бўйича эркаклар ўртасидаги Ўзбекистон кубогининг иккинчи кун беллашувлари якунланди.
Мусобақада спортчилар катталар, 2008–2009 ва 2010–2011 йилларда туғилганлар тоифаларида алоҳида дастурлар бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Катталар (2007 йил ва ундан катталар) ўртасида эркин машқларда Хумоюн Исломов чемпионликни қўлга киритган бўлса, дастакли от машқида Ўткирбек Жўраев, ҳалқада Ахрорхон Темирхонов, таяниб сакрашда Абдулазиз Мирвалиев, қўшпояда Расулжон Абдураҳимов, турникда эса Алишер Бойсаров биринчи ўринни эгаллади.
2008–2009 йилларда туғилган спортчилар баҳсида эркин машқларда Атабек Пўлатов, дастакли отда Тимур Ғафуров, ҳалқада Алишер Абулфайзов, таяниб сакрашда Билол Абдумуродов, қўшпояда Одилбек Отахонов ва турникда Амирхон Сардоров олтин медалларга сазовор бўлди.
2010–2011 йилларда туғилганлар ўртасида эса эркин машқларда Камрон Шерназаров ғолиб чиққан бўлса, Фаррух Исоқжонов дастакли от, ҳалқа, қўшпоя ва турник машқларида тўртта олтин медални қўлга киритиб, куннинг энг муваффақиятли иштирокчисига айланди. Таяниб сакраш дастурида эса Рустам Тимуров биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақа доирасида барча дастурлар бўйича ғолиб ва совриндорлар медаллар ҳамда дипломлар билан тақдирланди. Ўзбекистон кубоги баҳслари белгиланган дастур асосида давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА