Ўзбекистон кубогида бугун 1/8 финал баҳслари старт олади
Бугун, 29 август куни футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг 1/8 финал босқичига старт берилади. Кун дастуридан икки учрашув ўрин олган.
Дастлаб «Сурхон» ўз майдонида «Гулистон»ни қабул қилади. Учрашув соат 18:00 да бошланади.
Куннинг марказий баҳси эса Фарғонада бўлиб ўтади. Маҳаллий «Нефтчи» амалдаги кубок соҳиби «Пахтакор»га қарши майдонга тушади. Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтказиладиган учрашув соат 19:00 да бошланади.
Жамоалар шу кунга қадар Ўзбекистон кубоги доирасида 15 марта ўзаро баҳслашган. Уларнинг 12 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган бўлса, 3 учрашувда «Нефтчи» устун келган. Кубок финалларидаги бешта тўқнашувнинг тўрттасида ҳам «Пахтакор» ғолиб чиққан. Жамоаларнинг 2002 йилги финалдаги баҳси эса 6:3 ҳисобида «Пахтакор» фойдасига якунланган.

1/8 финалнинг қолган икки учрашуви эртага — 30 август куни ўтказилади. Унда «Сўғдиёна» — «ҚМУ Жайхун» ва «Навбаҳор» — «Насаф» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Қолган учрашувлар 15 ва 16 сентябрь кунларига белгиланган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА