Ўзбекистон "кўрпа"ни фақат ўзига тортмайди
Инсоният бошига келган синов – COVID-19 пандемияси ХХ асрнинг охирига келиб, кўлами ортган глобаллашув жараёнини сезиларли тезлаштирди.
Ушбу фалокатни енгиш ҳамда унинг салбий оқибатларини юмшатиш ва бартараф қилиш алоҳида мамлакат учун имконсиз вазифа эканини бугунги кундаги умумий аҳвол яққол намоён қилмоқда. Бунда ҳатто муайян давлатнинг иқтисодий салоҳияти ўта юқори бўлиши ҳам кифоя эмас. Ачинарлиси, ушбу офат сабаб, бугунги кунда сайёра аҳолисининг қарийб 1 млрд.га яқини очарчилик муаммоси билан тўқнаш келди. Таққослаш учун, пандемиядан аввал бу кўрсаткич ярим млрд. атрофида бўлганини эслаш кифоя.
www.worldometers.info маълумотларига кўра, йил бошидан буён дунё бўйича беш ярим млн.дан ортиқ 5 ёшгача болалар ўлими, 224 мингга яқин туғиш пайтида оналари ўлими қайд этилган. Шу рақамларнинг ўзиёқ, инсоният олдида етилаётган ижтимоий ва иқтисодий муаммолар кўламини тасаввур қилишга етарли. Ҳар қандай муаммо эса, бирлашганда ўз ечимини топади.
ИЗЧИЛЛИК, ХОЛИСЛИК, ТЕНГЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК
Нуфузи, дунё давлатлари ва аҳолиси учун аҳамияти, моҳият-эътиборига кўра, Бирлашган миллатлар ташкилоти сайёрамиздаги ҳар қандай масалани аввало эътироф этиш, сўнгра ечим топиш майдонидир. Унинг тамойилларига оғишмай амал қилиш эса, аввало халқаро ҳуқуқий нормаларни ҳурмат қилишга асосланади. Ўз навбатида ҳурмат фақатгина эътироф ёки тарафдорликдангина иборат эмаслигини бугунги кунда исталган соғлом фикрли инсон, олиму сиёсатчи бирдек тан олади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг қатор сессияларидаги иштироки ва Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсатида узоқни ўйлаб, ўзаро тенг ҳуқуқли ва бирдек манфаатли алоқалари, халқлар учун нафи тегадиган амалий таклифлари ва уларни ҳаётга татбиқ этишдаги ташаббусларини мужассам қилаётгани эътиборга молик.
Жумладан, яқинда БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида давлат раҳбарининг маъруза қилгани, кўтарилаётган муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган амалий таклифларни таҳлилий ўргансак, сессиядан сессиягача бўлган даврда билдирилган таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистон томонидан ўз вақтида бажариб келинаётгани, давлат ўз зиммасига олаётган халқаро келишувларга ҳурмат билан ёндашиб, уларнинг ижросида фаоллик кўрсатаётганига гувоҳ бўламиз.
Хусусан, ёшлар тарбияси ва уларга таълим бериш сифатини ошириш, халқаро миқёсда тинчликпарвар сиёсат, яқин қўшничилик алоқалари, Афғонистон ва Орол муаммолари ҳеч бир чиқиш ёки ташаббусда четлаб ўтилмайди.
Бу галги нутқи давомида ҳам Шавкат Мирзиёев глобал ҳаракатларга ёшларни жалб этиш бўйича Бутунжаҳон конференцияси мамлакатимизда муваффақиятли ўтказилганига эътибор қаратди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда – қадимий Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форуми ташкил этилади.Самарқанд мезбонлигида ўтаётган ва ўтказиладиган халқаро тадбирлар истиқболли ёшларни дунёнинг турли жойларидан келиб, бир жойга тўпланиши ва муайян муаммога биргаликда ечим қидиришига шароит яратади. Ушбу сессияда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш қайд этганидек, дунё ҳеч қачон бундай хавф остида бўлмаган ва бунчалик тарқоқлашмаган.
ЎЗБЕКИСТОН БУТУН МИНТАҚА УЧУН ҚАЙҒУРАДИ
Президент ўз нутқида Марказий Осиё минтақаси ва ҳатто унга ёндош минтақалар манфаатларидан ҳам келиб чиқиб, қатор муҳим масалаларни дадиллик билан ўртага ташлади. Бош мақсад – МарказийОсиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантириш эканига алоҳида эътибор қаратди.
Сир эмаски, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшни давлатлар билан ўзаро яқин ва самарали алоқаларни йўлга қўйиш муҳим йўналишга айланди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг ўзаро сиёсий мулоқотлари анъана тусини олди.
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция ташқи сиёсатда уйғун ҳаракатланиш борасидаги катта тажриба бўлди. Асосийси, бу ҳамкорлик жаҳоннинг йирик иқтисодий самарадор йўналишларида муҳим бурилиш нуқтасини вужудга келтирмоқда. Аҳамиятига кўра, қадимий Буюк ипак йўли янги дунёнинг инъикосига айланиб бормоқда.
Ўз навбатида фаровонликнинг асосий шарти бўлган тинчлик ва хотиржамликни минтақада барқарор равишда таъминлаш борасидаги ташаббуслар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш адолатдан бўлади. Хусусан, жорий йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция ўтказилиши маълум қилинди. Бу эса, Ўзбекистон экспорт қилаётган ва жаҳон миқёсида шерикларига таклиф этаётган энг қимматли «маҳсулот» – аввало тинчлик деган образли ўхшатишга туртки беради.
Зотан, мазкур тадбир доирасида БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан 2022-2025-йилларга мўлжалланган Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий дастур имзоланиши маълум қилинди. Инсоният бошига кўплаб кулфатларни солиши мумкин бўлган бу икки иллатга қарши курашда дунёнинг энг нуфузли ташкилоти билан соатларни ўзаро тўғрилаб иш кўриш, ўз самарасини беришига ишонамиз.
Давлат раҳбарининг БМТнинг тегишли Бошқармаси иштирокида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини қамраб оладиган Гиёҳвандликка қарши умумий Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга оид таклифи ҳам шубҳасиз, кўплаб муаммолар илдизини жойида бартараф қилишга ташланадиган навбатдаги қадам бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон турли хавф-хатарлардан сақланишда фақатгина ўзини ўйлаб эмас, балки минтақа мамлакатлари манфаатидан келиб чиққан ҳолда ислоҳотлар ўтказмоқда. Афғонистон ва Оролбўйи минтақаси бўйича билдирилган фикр ва таклифлар ҳам сўзимиз исботидир.
Хулоса қилиб айтганда, Бирлашган миллатлар ташкилоти сессиясида Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим ташаббус ва таклифлари яна янги босқичга чиқди.
Зулайҳо Акромова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати