Ўзбекистон — ЖССТ: самарали ҳамкорлик йўлида
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқаро ишлар ва парламентлараро ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмиталари ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва истиқболи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар масъул вакилларииштирок этди.
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ ва бошқа ташкилотлар юқори минбарларидан туриб умумбашарий миқёсда рўй бераётган муаммоларни ҳал этиш, хусусан, коронавирус пандемиясига барҳам бериш, ушбу офатнинг инсонлар ҳаётига салбий оқибатларини бартараф қилиш, иқтисодиётни тиклашга қаратилган самарали ечимларни мужассам этган таклиф ва ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини таъкидладилар.
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини изчил ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилаётгани, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, малакали тиббий кадрлар тайёрлаш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида самарали халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.
[gallery-6633]
Таъкидлаш жоиз, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳам қатор йўналишларда яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Айниқса, коронавирус пандемиясига қарши кураш, хусусан, аҳолини оммавий эмлаш масаласида ЖССТ томонидан мамлакатимизга керакли асбоб-ускуналар, ҳимоя воситалари етказиб берилмоқда.
Шунингдек, ЖССТ мамлакатимиз тиббиёт муассасаларига шифокор, ҳамшира ва бошқа тиббий ходимлар малакасини ошириш, лаборатория ходимларини ўқитиш, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда даволаш протоколларини тузишда яқиндан кўмаклашиб келмоқда, коронавирус инфекцияси тўғрисидаги доимий равишда янгиланиб борадиган халқаро ахборотни эркин олиш имкониятини яратиб бермоқда.
Бундан ташқари, анжуман чоғида халқаро экспертлар кўмагида соғлиқни сақлашни молиялаштиришни яхшилаш, давлат тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, саломатлик учун зарарли одатларга қарши кураш каби қатор вазифалар бўйича самарали чоралар кўрилаётгани айтиб ўтилди.
— Ўзбекистон ва ЖССТ мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш, хусусий ва давлат тиббиёт муассасалари ўртасида узвий алоқани йўлга қўйиш каби йўналишларда самарали ҳамкорлик ўрнатиши мумкин, — деди Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Феруза Негматова. — Бундан ташқари тиббиёт туризмини ривожлантириш борасида илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ҳам муҳим.
Давра суҳбати сўнгида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг ЖССТ Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан тиббиётнинг ҳуқуқий асосларини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш борасида ўзаро амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тегишли таклифлари қабул қилинди.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА