Ўзбекистон илк бор Мундиалда! Тарихий онларни ЎзА билан кузатинг!
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тақдим этади:
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий терма жамоси ўтган йили узоқ кутилган Мундиал йўлланмасини қўлга киритган. Анча машаққатли йўлни босиб ўтиб, ушбу муваффақиятга эришган термамиз жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қилувчи мундиалда иштирок этади. Табиийки, термамизнинг ушбу халқаро миқёсдаги энг йирик турнирда илк маротаба иштирок этаётгани кўпчилик ҳамюртларимизнинг мазкур мусобақага бўлган қизиқишини яна ҳам оширган.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги буни инобатга олиб, ҳамюртларимизга ажойиб туҳфа тақдим этади. Энди сиз фақат ва фақат Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган терма жамоалар ҳақида янгилик ва мақолалар, қизиқарли блоглар, статистик маълумотлар, ҳар бир терма жамоа ва Мундиалда фойдаланиладиган ҳар бир стадион ҳақида атрофлича маълумот олиш имконига эгасиз. Сиз қидириб овора бўлманг, ҳаммаси wc.uza.uz сайтида.
Мундиалгача ҳали анча бор-ку, дейишингиз мумкин. Худди шундай. Бироқ тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирига кун сайин яқинлашиб боряпмиз ва Жаҳон Чемпионатига оид янгиликлар тобора кўпаймоқда. Иш ва бошқа юмушлардан ортиб, бизнинг янги wc.uza.uz сайтимизда энг сара ва фильтрдан ўтган янгилик ва мақолаларимизни ўқиб боришингиз мумкин.
wc.uza.uz сайтимизда ҳозирда жамоалар, стадионлар ва қаҳрамонлар бўлимлари мавжуд. Хусусан, сиз жамоалар бўлимига кириб, Жаҳон чемпионтида иштирок этаётган ҳар бир терманинг мундиаллардаги иштироки тарихи, юлдуз футболчилари, ютуқлари ҳақида танишиб чиқишингиз мумкин. Шунингдек, стадионлар бўлимида ЖЧни ўзида қабул қилаётган 16 та аренанинг ҳар бирининг сиғими, афзалликлари ва замонавий имкониятлари ҳақида қизиқ блоглар тайёрлаб қўйганмиз. Тарих яратган ҳамюртларимиз ҳақида ҳам алоҳида “Қаҳрамонлар” бўлимимиз бор ва у ерда термамизнинг Жаҳон Чемпионатига чиқиши йўлида жонбозлик кўрсатган ҳар бир футболчимизнинг автобиографияси ҳамда карьерасини ёритиб берганмиз.
Минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши деганларидек, сиз сайтимизга ташриф буюринг ва Мундиал нафасини айнан ўша ерда ҳис қилинг - wc.uza.uz