Ўзбекистон ҳунармандчилиги санъатининг ноёб намуналари намойиш этилди
Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида “Ҳамдўстлик халқларининг маданий мероси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда МДҲ мамлакатларидан келган ҳунармандлар, жумладан мамлакатимиз ҳунармандлари, дизайнерлар, санъатшунослар, олимлар ва маданият соҳаси вакиллари иштирок этди.


Конференция доирасида “Ҳунарманд” ва “Санъат” журналлари бош муҳаррири, Ҳунарманд уюшмаси илмий маслаҳатчиси Бинафша Нодир “Кашталанган хотира: ўзбек анъанавий каштачилигининг маҳаллий мактаблари ва замонавий трансформацияси” мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, халқаро тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон ҳунармандчилиги санъатининг ноёб намуналари намойиш этилди. Жумладан, Риштон кулолчилик мактаби вакили Алишер Назиров ҳамда ёғоч ўймакорлиги устаси Алишер Убайдуллаевнинг асарлари иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.


Мазкур халқаро анжуман маданий меросни асраш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини тарғиб этиш ҳамда соҳадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА