Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажми ортмоқда
Сўнгги йилларда геосиёсий вазият таъсирида халқаро транспорт йўналишларида ҳам муайян ўзгаришлар юзага келмоқда. Бу борада мамлакатимиз чегара постлари фаолиятини такомиллаштириш, қўшни давлатлар билан ҳамкорликдаги чора-тадбирларни кўриш, савдо-иқтисодий алоқалар ривожида халқаро юк ташувлари узлуксизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон ва Туркманистон божхона хизматлари вакиллари ўртасида видеоконференция шаклида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Туркманистон божхона хизматлари чегара постларининг ўтказувчанлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Насиров ҳамда Туркманистон Давлат божхона хизмати Раиси ўринбосари Довлет Байриев иштирокида ўтган мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги халқаро автомобиль ташувларини янада жадаллаштириш, хусусан, "Олот" (Ўзбекистон) – "Фараб" (Туркманистон) чегара божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятларини тўлиқ ишга солиш масалаларига эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, 2024 йилда мазкур постлар орқали бир суткада ўртача 530 та юк автомобили ўтказилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 700 тани ташкил этган. 2026 йилнинг 10 ойида эса ўртача суткалик кўрсаткич яна 11 фоизга ошиб, 780 тага етган. Биргина 27 октябрь – 2 ноябрь кунлари давомида пост орқали бир суткада ўртача 1000 та юк автомобили ҳаракати таъминланган. 17 октябрь куни эса бу кўрсаткич қарийб 1200 тани ташкил этган.
Мулоқотда Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажмининг ортиб бораётгани қайд этилди. Жумладан, ҳозирда «Олот» пости орқали Туркманистон йўналишида бир суткада ўртача 165 та транзит юк автомобили ўтказилмоқда. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан уч баробар кўпдир.
Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва транспорт воситалари ҳаракатини янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон томони бир қатор таклифларни илгари сурди. Якунда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва чегара божхона постларининг ўтказувчанлик салоҳиятини ошириш борасида биргаликда иш олиб боришга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА