Ўзбекистон-Хитой: олий таълимдаги ҳамкорлик
Хитой билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш Ўзбекистон олий таълим муассасалари учун муҳимдир.
Бухоро муҳандислик-технология институти ва Пекиндаги “RuiPan International Education Technology” олий ўқув юрти ўртасида дўстона муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилган. Ушбу дастурга мувофиқ, Хебей технология ва муҳандислик касб-ҳунар университетида “Янги энергия воситалари” мавзусида икки ҳафталик курс машғулотлари ташкил этилди.
Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова бу ҳақда бизга гапириб берди.

–-Хебей технология ва муҳандислик касб-ҳунар университети Хитойнинг Хебей вилояти Хингтаи шаҳрида жойлашган,– дейди ректор. –-Бу асосан муҳандислик бўйича ихтисослашган давлат кундузги университети. Университет трансчегаравий таълим, халқаро тажриба ва юқори сифатли кўп тармоқли халқаро курсларни тақдим этишда катта тажрибага эга. 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил оладиган ва 1000 дан ортиқ профессор-ўқитувчини иш билан таъминлайдиган Хебей технология ва муҳандислик касб-ҳунар университети корхоналар, давлат идоралари ва хорижий касб-ҳунар коллежлари билан истеъдодларни ривожлантириш бўйича яқин алоқаларни ривожлантирмоқда. Университет доимий равишда янги таълим усулларини, шу жумладан, онлайн ва масофавий таълим режимларини жорий қилмоқда, турли халқаро дўстона университетларнинг эҳтиёжларини қондириш учун доимий равишда инновацияларни амалга оширмоқда, замон билан ҳамнафас ва технологик янгиланишларни қўллаб-қувватламоқда.

Университет талабалар учун 16 та мутахассисликни таклиф этади, жумладан, автомобиль муҳандислиги технологияси, механик муҳандислик ва ишлаб чиқариш, электротехника ва автоматлаштириш, шунингдек, тикувчилик муҳандислиги технологияси ва архитектура технологияси каби 40 дан ортиқ профессионал мутахассисларни тайёрлайди.
Ўқув курси давомида янги энергия воситаларини ишлаб чиқарадиган Хитойнинг асосий ишлаб чиқарувчилари таништирилди ҳамда ушбу йўналишдаги хитойлик олимларнинг батафсил тадқиқотлари, шунингдек, кейинги тадқиқотлар зарур бўлган муаммолар бўйича маълумотлар берилди. Профессор-ўқитувчиларимиз аккумуллятор- батареяларнинг янги моделлари ҳақида билим ва кўникмаларга эга бўлишди. Шунингдек, амалий машғулотларда янги энергияга асосланган транспорт воситаларининг диагностикаси ўрганилиб, махсус ўқув стенди орқали транспортнинг турли кўрсаткичлари ўлчанди. Бундан ташқари, электр жиҳозлари, зарядлаш тизимлари ҳақида замонавий тажрибалар бўйича билим ва кўникмалар оширилди.

Хитой ўзининг иқтисодиёти динамикасини ва бизнес соҳасидаги алоқаларнинг фаоллигини ҳисобга олган ҳолда, тобора ривожланиб бораётган таълим йўналиши ҳисобланади.
Жорий йилнинг 22-23 январь кунлари бўлиб ўтадиган форум Ўзбекистон ҳамда Хитой олий таълими ўртасидаги ҳамкорлик ва техника-технология тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири