Ўзбекистон – Хитой касаба уюшмалари: Муштарак мақсадлар ҳамда меҳнаткашлар олдидаги умумий масъулият
Қарийб 18 миллиард долларлик товар айирбошлаш, Ўзбекистонда фаолият юритаётган олти мингдан зиёд қўшма корхона, ўнлаб миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари...
Ушбу рақамлар Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг бугунги улкан кўламидан дарак беради. Табиийки, ҳар қандай йирик лойиҳа ва иқтисодий кўрсаткич ортида инсонлар меҳнати туради. Демак, ҳамкорлик кенгайгани сайин меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораверади.
23 сентябрь куни Пекинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов ҳамда Бутунхитой касаба уюшмалари Федерацияси раиси Ван Дунмин ўртасида бўлиб ўтган учрашув чоғида ана шундай муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Ван Дунмин айни пайтда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритади. У раҳбарлик қилаётган Бутунхитой касаба уюшмалари федерацияси 1925 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмалари фаолиятини мувофиқлаштиради, меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этади.
Учрашув чоғида Ван Дунмин Хитойнинг бугунги иқтисодий тараққиёти, мамлакатда янги – ўн бешинчи беш йиллик режани амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритди. У Ўзбекистон касаба уюшмалари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтиришга, амалий ҳамкорликни янада кучайтиришга, меҳнат жамоалари ва касаба уюшмалари вакиллари ўртасидаги алмашинувларни рағбатлантиришга тайёр эканини билдирди.

Хитой томони Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари билан алоқаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Бу эса икки томонлама муносабатларнинг келгусида янада кенг минтақавий мазмун касб этишидан далолат беради.
Қудратилла Рафиқов ўз нутқида Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг бугунги юксак даражасида икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
«Бугун давлатларимиз раҳбарлари, яқин дўстлар – ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев ва ҳурматли Раис Си Цзиньпиннинг муштарак сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги ўз тарихининг энг юксак даврини бошдан кечирмоқда», деди Қудратилла Рафиқов.
У шу йил 31 август куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларни ҳам алоҳида қайд этди. Ушбу мулоқот чоғида давлат раҳбарлари ҳар қандай шароитда ҳам мустаҳкам, ҳар томонлама стратегик шерикликни янада кенгайтиришга интилишини тасдиқлаган эди.
«Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Хитой Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорликнинг янги «олтин ўн йиллиги»ни бошлашга тайёр эканини алоҳида таъкидлади», деди Қудратилла Рафиқов.
Икки мамлакат ўртасида иқтисодий алоқалар кенгайгани сари касаба уюшмалари олдидаги вазифалар кўлами ҳам ортиб бормоқда. Бугун амалдаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларга баҳоланмоқда. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, юқори технологиялар сингари ҳамкорлик қамрови ҳам йилдан-йилга кенгаймоқда.
Бу жараёнда ҳар бир янги корхона, ҳар бир йирик ишлаб чиқариш майдони янги иш ўринлари, янги меҳнат жамоалари ва табиийки, меҳнат муносабатларига доир янги вазифаларни юзага келтиради. Шу маънода касаба уюшмалари ўртасидаги мулоқот иқтисодий ҳамкорликнинг ижтимоий таянчларидан бирига айланмоқда.
Икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар анча аввал бошланган. 2024 йил октябрь ойида Хитой касаба уюшмалари делегацияси Тошкентга ташриф буюрган, музокаралар якунида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган эди.
Пекиндаги учрашув эса Ўзбекистон касаба уюшмалари делегациясининг Хитойга илк расмий ташрифи сифатида ҳам аҳамиятли бўлди.
«Ўзбекистон касаба уюшмалари учун Бутунхитой касаба уюшмалари федерацияси – ишончли ҳамкор ва вақт синовидан ўтган дўст. Бизни муштарак мақсадлар ҳамда меҳнаткашлар олдидаги умумий масъулият бирлаштириб туради», дея таъкидлади Қудратилла Рафиқов.
Федерация раиси Ўзбекистон томони ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича хитойлик ҳамкасбларига бешта таклиф билдирганини маълум қилди. «Уларнинг иккитаси бўйича ишлар аллақачон бошланганидан мамнунмиз», деди у.
Келгусидаги ҳамкорликда тажриба алмашиш, касаба уюшмалари фаолиятидаги замонавий ёндашувларни ўрганиш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш каби йўналишларга устувор аҳамият бериш кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон томони Хитой касаба уюшмаларининг амалий тажрибасини ўрганиш ва самарали механизмларни миллий амалиётга мослаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Ўзбекистон делегацияси ташриф дастури доирасида Сиань шаҳридаги Меҳнат илғорлари музейи, машинасозлик заводи ҳамда «Хитой – Европа» поездлари таркибини шакллантириш марказида бўлди.
Мазкур танишув чоғида, айниқса, Хитойда меҳнат кишисига бўлган муносабат делегация аъзолари эътиборини тортди.
«Биз Хитойда меҳнат аҳлига кўрсатилаётган юксак ҳурматни яна бир бор ҳис этдик. Бугунги қудратли ва замонавий Хитой ана шу инсонлар билими, маҳорати ва фидокорона меҳнати билан барпо этилмоқда», деди Қудратилла Рафиқов.
Дарҳақиқат, замонавий иқтисодиёт аввало инсон капитали, касб маҳорати ва меҳнатга муносабат билан барпо бўлади. Хитой тажрибасида ишчи ва мутахассисларнинг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг ютуқларини кенг тарғиб қилиш алоҳида ўрин тутади.
Музокараларда Хитойнинг камбағалликни қисқартириш борасидаги тажрибаси ҳам муҳим мавзулардан бирига айланди.
Қудратилла Рафиқов бу борада Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди. «Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда камбағаллик муаммоси очиқ тан олинди ва уни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди», деди у.
Ушбу жараёнда касаба уюшмалари фаоллари ҳам кенг иштирок этмоқда. Шу нуқтаи назардан Хитой тажрибаси аҳолини қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш борасида самара берган ёндашувларни таҳлил қилиш имконини беради.
Мулоқот давомида Бутунхитой касаба уюшмалари Федерацияси Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари билан ҳам ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирди. Бу ёндашув минтақада меҳнат муносабатлари, ижтимоий ҳимоя ва касаба уюшмалари фаолияти бўйича тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.
Қудратилла Рафиқов Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган «Бир макон – бир йўл» ташаббусининг мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий, транспорт ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришдаги аҳамиятига ҳам тўхталди. Зеро, йирик инфратузилма ва инвестиция лойиҳалари кўпайиши баробарида уларда иштирок этаётган меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи ҳам тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб боради.
Учрашув якунида Қудратилла Рафиқов Ван Дунминни Ўзбекистонга таклиф қилди.
Пекиндаги учрашув билан мулоқотнинг яна бир муҳим саҳифаси очилди. Олдинда эса билдирилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш, ўзаро тажрибани бойитиш ва меҳнаткашлар манфаати йўлида биргаликда ишлаш вазифаси турибди. Чунки оддий одамлар ўз меҳнати қадрланаётганини ҳис этса, унинг ҳуқуқи ва манфаати ишончли ҳимоя қилинса, ҳамкорликнинг самараси ҳам ҳаётда ўз аксини топади.
ЎзА