Ўзбекистон- Хитой: ҳамкорлик самара бермоқда (+видео)
Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани ҳудудида цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ““Huaxin sement” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон- Хитой қўшма корхонаси тўрт йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда.
Корхона фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу манзилда бўлдик.
Бизга ““Huaxin sement” компанияси администратори жаноб Chеn Boliang ҳамроҳлик қилди. Унинг айтишича, бу компания Хитой Халқ Республикасида 100 йил муқаддам ташкил этилган экан. Компания томонидан барпо этилган ушбу қўшма корхона ўзбек ва хитой халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорликнинг ёрқин намунаси деб, айтиш мумкин. Чунки заводда меҳнат қилаётган хитойликларнинг ўзбек тилини, ўзбек ёшларининг хитой тилини ўрганиб олаётгани ўзаро тотувликдан далолат беради. Корхона лаборатория оператор-лазерчиси Жасур Мавлонов бизга хитой тилидан таржимонлик қилди.
[gallery-15583]
– ““Huaxin sement” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ишлаб чиқариш линияси қурилишига 2019 йил апрель ойида тамал тоши қўйилганди, – дейди корхона бош директори ёрдамчиси, жаноб Ding Guangming. – Ушбу корхона жаҳондаги энг илғор технологик ускуналардан фойдаланган ҳолда бунёд этилди. Лойиҳанинг умумий сармояси 150 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
2020 йилнинг июнь ойидан ишлаб чиқариш линияси фаолиятини бошлаган бўлса, юқори сифатли қурилиш маҳсулоти цементни сотувга, орадан бир ой ўтиб ички бозорларга чиқара бошладик. Барча ишлаб чиқариш линиялари 3 йилдан ортиқ вақт давомида барқарор ишлаб ва ишончли маҳсулот сифати билан иқтисодий манфаатлар яратиб келмоқда. Бугунги кунда заводимизда 360 нафар ўзбекистонлик ва 70 нафар хитойлик мутахассис дўст ва бирдамликда меҳнат қилмоқда. Ҳозир ўзбекистонликлар заводнинг турли йўналишларида муҳим техник лавозимларни эгаллаб, мустақил ишлай оладиган даражага етди. Бу эса корхона ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамроҳимиз жаноб Chenнинг таъкидлашича, корхонадан бир чақиримча узоқда жойлашган Балиқли тоғ ва Кўтарма тоғ бағридан топилган оҳактош захираси цемент корхоналари учун 150 йилга етиши мўлжалланган экан. Корхона ҳудудининг умумий майдони 71 гектарни ташкил этади. Бу ердаги лаборатория, марказий назорат-бошқарув бўлими, хомашёни майдалаш тегирмони, механика цехи, қозон печи, маҳсулотларни қадоқлаш ва сақлаш омборхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RqPOudOG6zg" title="Oʻzbekiston- Xitoy: hamkorlik samara bermoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, корхонада ишчи хизматчилар учун 300 ўринга мўлжалланган ўзбек ва хитой ошхонаси, маъмурий бино ҳамда барча шароит яратилган 150 ўринли ётоқхона ҳам мавжуд. Лаборатория ходимлари компьютер орқали цемент учун фойдаланилаётган зарур оҳактош, клинкер, тупроқ, цемент ва бошқа зарур маҳсулотлар таркибини текшириб боради.
Цемент олиш жараёни асосан марказий назорат-бошқарув бўлимида операторлар томонидан назорат қилинади. Хомашёни 1 минг 200 – 1 минг 300 даражадаги иссиқ ҳароратда пишириб, қадоқлаб омборларга жойлаштириш, темир йўл ва автотранспорт воситаларида буюртмачиларга етказиб бериш ҳам назоратга олинган.
– Лабораторияда 28 нафар ўзбек ва 6 нафар хитойлик мутахассис компьютерда таҳлил қилиб боради, – дейди лабораториянинг сифат бўйича муҳандиси Миржалол Абдусатторов. – Айни пайтда корхонамизда 400 ва 500 маркали цемент ишлаб чиқарилмоқда. Яқинда, Тожикистон Республикасидаги “Huaxin” компанияси томонидан барпо этилган цемент ишлаб чиқариш корхонасида малака ошириб қайтдик. Ҳозир ҳамкасбларимиз бизларга хитой тилини ўргатмоқда. Ўз навбатида улар ўзбек тилини ўрганмоқда.
““Huaxin sement” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ёнма-ён, елкама-елка меҳнат қилаётган икки миллат ўзбек – хитой ёшларининг ўзаро дўстлиги, баҳамжиҳатлигига гувоҳ бўлиб, икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлик алоқалари узоқ тарихга бориб тақалса, келгуси алоқаларимиз узоқ йиллар давом этишини ният қилдик.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА мухбирлари