Ўзбекистон-Ҳиндистон: олий таълимдаги кенг ҳамкорлик
Ҳиндистон Давлат ташқи ишлар вазири, Давлат маданият вазири Минакаши Лекхи хоним бошчилигидаги делегация Бухоро давлат университетига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонга университет ректори Обиджон Ҳамидов ҳамроҳлик қилди.
Дастлаб меҳмонлар университетдаги Ҳинд маркази билан танишди. Талабалар томонидан марказ фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Минакши Лекхи ҳамда делегация аъзоларига муассасада яратилган шароит, олиб борилаётган ислоҳотлар, университетнинг бугунги кундаги фаолияти, республикада тутган ўрни ҳақида маълумот берилди. ОТМ фаолиятига боғлиқ истиқболли режалар ҳақидаги фикрлар билан ўртоқлашилди. Суҳбатдан сўнг, меҳмонлар асосий бинода ташкил этилган талабаларнинг ижод намуналари – халқ амалий санъати ҳамда тасвирий санъат намуналаридан жамланган кўргазмани кўздан кечирди. Шу аснода улар Санъатшунослик факультети талабалари томонидан ижро этилган ҳинд мусиқаларидан баҳраманд бўлди.
– Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари ўзаро ишонч ва хайрихоҳлик асосида ривожланмоқда, – дейди университет ректори О.Ҳамидов. – Маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида аҳамият берилмоқда. Бугунги учрашув ҳам университетимизга Ҳиндистон ҳукумати томонидан билдирилган ишонч ва ҳурмат белгисидир. Биз, албатта, бу самимият ҳамда меҳрибонликни қадрлаймиз.
Учрашув якунида меҳмонлар учун эсдалик совғалари улашилди. Шундан сўнг делегация аъзолари Бухоронинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
[gallery-4073]
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА