Ўзбекистон глобал масалаларда ташаббус кўрсатмоқда
Муносабат

Халқимиз жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари қўшни Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини эътибор билан кузатди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев анжумандаги нутқида сўнгги йилларда Қирғизистонда сиёсий-ижтимоий барқарорлик таъминланаётгани, замонавий саноат ва инфратузилма объектлари барпо этилаётгани, давлатнинг халқаро обрўси ва нуфузи ошаётгани бу ўзбекистонликларни чексиз қувонтиришини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти кенгаши раисларининг Остона ва Шуша шаҳарларидаги учрашувларидан кейинги вақт мобайнида глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олгани, етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаяётгани, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортаётганини куюнчаклик билан шарҳлади.
Тинчликпарвар Ўзбекистон раҳбари Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз урушни қораларкан, бу борада ягона ечим – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдан иборат эканини баён этиб ўтди.
Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда эса амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилишини билдирди. Мамлакатимиз Етакчиси туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтириш борасида бир қатор устувор йўналишларни эътироф этди.
Буларнинг дастлабкилари – Ўзбекистон давлатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражасидан келиб чиқиб, Ташкилотнинг асосий шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги, Ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш бўйича Ўзбекистон ниятининг қатъийлиги бўлса, учинчи устувор йўналиш – бугунги оғир глобал иқтисодий шароитда энг долзарб муаммо – бу инвестиция жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, дея фикр билдирди.
Транспорт коридорларидан самарали фойдаланиш, келажак иқтисодиётини кенг жорий этишга қаратилган Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўткир экологик муаммоларга ечимлар топиш мақсадида вазирлар даражасидаги Туркий экологик кенгашни тезроқ тузиш зарурлиги кейинги йўналишлар сифатида келтириб ўтилди.
Президентимиз ўз нутқида миллатлараро маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам ўз таклифларини билдирди. Қардош халқларни бир-бирига янада яқинлаштириш, ёшларни аждодларга муносиб руҳда тарбиялаш мақсадида туркий эллар фольклорининг кўп жилдли мажмуасини аъзо мамлакатлар тилларида нашр этиш, бу борада “Туркий мамлакатлар тарихи” каби фундаментал тадқиқотларни биргаликда яратиш таклифлари, шулар жумласидандир.
Нутқда келтирилган аниқ далиллар ва билдирилган таклифлар туркий давлатлар ташкилоти доирасида азалий қардошликни мустаҳкамлаш баробарида глобал ва минтақавий муаммоларни самарали ҳал этиш, иқтисодий ва техникавий ҳамкорликни, илм-фан, санъат ва маданият соҳасида ҳамда туркий тилли дунёнинг моддий, маънавий маданиятини асраш ва янада ривожлантириш борасида ҳамкорликни юқори савияга кўтаришга улкан ҳисса қўшади.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети проректори,
халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА