Ўзбекистон Глобал инновация индексида 77-ўринни эгаллади
Ўзбекистоннинг инновацион салоҳияти халқаро рейтингдаги натижаларда яна бир бор ўз ифодасини топди. 2026 йилги Глобал инновация индексида мамлакат 139 та давлат орасида 77-ўринни эгаллади. Бу 2025 йилдаги натижага нисбатан 2 поғона юқори кўрсаткир.
Ўзбекистон қуйи ва ўрта даромадли давлатлар гуруҳида ҳам юқори натижа қайд этди. Ушбу тоифага кирувчи 36 та мамлакат орасида 8-ўринни эгаллаган бўлса, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги 11 та давлат орасида 4-ўриндан жой олди.
2026 йилги Global Innovation Index (GII) ҳисоботи 29 сентябрь куни эълон қилинди. Рейтинг Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан АҚШнинг Portulans институти, корпоратив ва академик тармоқлар ҳамда GII маслаҳат кенгаши билан ҳамкорликда тайёрланади. У мамлакатларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион ривожланиш ҳолатини баҳолашга хизмат қилади.
Инновацион ривожланиш агентлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, индексда мамлакатларнинг инновацион салоҳияти 2 та асосий субиндекс ва 7 та йўналиш гуруҳи бўйича таҳлил қилинади. Баҳолаш жараёнида 80 га яқин индикатордан фойдаланилади.
Ўзбекистон инновацияларга йўналтирилаётган сармоя ва ресурсларни акс эттирувчи “innovation input” субиндексида 68-ўринни қайд этди. Бу кўрсаткич бўйича мамлакат бир йилда 1 поғона юқорилаган.
Инновациялар натижадорлигини ифодаловчи “innovation output” субиндексида эса 78-ўрин эгалланди. Мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг натижаси 14 поғонага яхшиланган.
Айрим индикаторлар бўйича ҳам мамлакат жаҳон миқёсида юқори ўринларни эгаллади. Хусусан, “Илм-фан ва муҳандислик соҳасида битирувчилар” кўрсаткичида 2-ўрин, “Тадбиркорлик сиёсати ва маданияти” бўйича 3-ўрин, “Стартап ва скейлапларни молиялаштириш” бўйича 4-ўрин ва “Меҳнат унумдорлиги ўсиши” индикаторида 7-ўрин қайд этилди.
Ўзбекистон Глобал инновация индексида 2015 йилдан иштирок этиб келмоқда. Ўша йили мамлакат 141 та давлат орасида 122-ўринни эгаллаган. 2025 йилги рейтингда эса 139 та мамлакат орасида 79-ўринда қайд этилган.
Инновацион ривожланиш бўйича келгуси мақсадлар ҳам белгиланган. Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2030 йилга қадар Ўзбекистонни дунёдаги етакчи 60 та инновацион давлат қаторига киритиш вазифаси белгиланган.
Шу ҳужжатда 2026 йил учун Глобал инновация индексида 77-ўринни эгаллаш мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА