Ўзбекистон Гиннес рекордини янгилади
“Янги Ўзбекистон” боғида ёшларимиз тарихий ютуққа эришди. 1946 нафар истеъдодли ёш муҳандис бир вақтнинг ўзида 1946 та кичик роботни йиғиб, улкан натижа қайд этди. Ушбу ютуқ Ўзбекистон номини яна бир бор “Гиннес рекордлар китоби” саҳифаларига ёздиришга сабаб бўлди.
Ушбу улкан ютуқда Бухоро давлат техника университетининг 113 нафар иқтидорли талабалари ҳам фаол иштирок этиб, ўз илмий-техник салоҳиятини намойиш этди. Якунда Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқовага Жаҳон Гиннес Рекорди ташкилотининг махсус Сертификати тантанали равишда топширилди. Рекордчи талабалари эса медаллар билан тақдирланди.


– Университетимизга Жаҳон Гиннес Рекорди ташкилотининг махсус Сертификати топширилгани бизнинг фаолиятимизга берилган юксак баҳодир. Алоҳида таъкидлаш керак, ёшларимизнинг робототехникага бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш мақсадида университетда барча шароитлар яратилган. Бир қатор замонавий тўгараклар ташкил этилган. Бу тўгаракларда талабалар дарсдан бўш вақтларида замонавий технологиялар, сунъий интеллект, дастурлаш ва робототехника йўналишларида амалий билим ва кўникмаларни эгалламоқда, – дейди Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова.


– Бухоро давлат техника университети талабаси сифатида, бугун ўзимни беқиёс фахр ва ғурурга тўла ҳис қиляпман, – дейди Акрам Файзуллаев. – Чунки биз ёшларга насиб этган улкан имкониятлардан бири – Гиннес рекордини янгилаш жараёнида бевосита иштирок этиш бўлди. Мазкур жараёнда Бухоро давлат техника университети талабалари ҳам фаол қатнашиб, ўз илмий-техник салоҳиятимизни намоён этдик. Ҳар бир йиғилган робот ортида илмга бўлган чанқоқлик ва юртга муҳаббат мужассам эди. Бизнинг иштирокимиз нафақат вилоятимиз нуфузини, балки юртимиз ёшларининг куч-ғайратини дунёга кўрсатди. Тадбир катта байрамона руҳда ўтди. Кўтаринки кайфият ва энг муҳими, ёшларда технология ва инновацияларга бўлган меҳр кучайди. Бу жараён биз учун янги марраларга йўл очди, келажакдаги илмий изланишларимизга янада туртки берди. Бу воқеа қалбимда абадий сақланиб қолади ва бундан кейинги фаолиятимда янги марраларни забт этишга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.