“Ўзбекистон – Германия”: ўзаро келишувлар амалий натижаларга айланганда
Мамлакатимизда тиббиёт тизимини янада такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида пойтахтимизда “Ўзбекистон – Германия” III тиббиёт форуми ўтказилди.
Икки давлат етакчи тиббиёт муассасалари вакиллари, олимлар ва соҳа экспертлари иштирокидаги тадбирда замонавий тиббиётнинг энг долзарб йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, касалликларни даволашнинг илғор усуллари, тиббий таълим сифатини ошириш ҳамда ўзаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман доирасида ўтказилган панель сессияларида мутахассислар сўнгги йилларда Ўзбекистонда тиббий хизматларни ривожлантириш борасида эришилган ютуқлар ҳамда тўпланган бой тажриба билан ўртоқлашди. Шунингдек, германиялик ҳамкасблар билан биргаликда замонавий юқори технологик ускуналарни амалиётга жорий этиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда келгусида қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.

Анжуманда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда халқаро «Gustave Roussy International Uzbekistan» тиббиёт маркази мутахассислари ҳам иштирок этди.
– Бу каби кенг миқёсдаги халқаро мулоқотлар мамлакатимиз тиббиётида илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, профессионал касбий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда энг муҳими, беморларга кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, – деди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Бекзод Усмонов. – Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими олдида соҳани рақамлаштириш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш ва замон талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш каби муҳим вазифалар турибди. Бу борада дунёнинг ривожланган мамлакатлари, жумладан, Германия энг ишончли ҳамкорлардан ҳисобланади.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган мазкур форум ана шу кўп қиррали шерикликни янги мазмун билан бойитишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Анжуманда икки мамлакат соғлиқни сақлаш тизими масъуллари, етакчи университет клиникалари, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди. Қайд этилганидек, Германиянинг KfW банки билан биргаликда тиббиёт марказларини модернизация қилиш, соҳани рақамлаштириш ва тиббий таълим сифатини ошириш бўйича қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

– Аввалги йиллардаги келишувлар эндиликда амалий натижаларга айланмоқда. Жумладан, уч гуруҳга бўлиниб, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, жумладан Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, маҳорат дарслари ва қўшма операцияларда иштирок этдик, – деди Шарите университети клиникаси профессори Ҳелмут Хан.
Шунингдек, қайд этилганидек, Германиянинг Фрайбург, Ҳайделберг ҳамда Любек университетлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, кўплаб шифокорлар хорижда малака ошириб қайтмоқда ва клиникаларда сунъий интеллект технологиялари жорий этилмоқда.
Форум доирасида инфекцион касалликларнинг олдини олиш, юқори технологик хирургия ҳамда ўзбекистонлик ҳамширалар учун Германияда муносиб меҳнат шароитларини яратиш масалаларига бағишланган махсус шуъба йиғилишлари ҳам ўтказилди. Анжуман якунида юртимиз ва Германиянинг қатор етакчи тиббиёт муассасалари ҳамда олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган меморандумлар имзоланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА