Ўзбекистон – Германия: аграр ҳамкорликнинг янги истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маттиас Фоллерт ҳамда Германия Федерал озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудий ўзига хослик вазирлиги парламент давлат котиби Мартина Энглҳардт-Копф бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги аграр ҳамкорликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Германия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо айланмаси 61,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Учрашувда ушбу кўрсаткични янада ошириш, маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш ва савдо алоқаларини диверсификация қилишга эътибор қаратилди.
Шунингдек, 2024 йил 15 сентябрда ветеринария ва чорвачилик соҳасида имзоланган меморандум доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Музокараларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (AKIS) негизида Германия аграр марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур марказ орқали Германиянинг илғор агротехнологиялари ва илмий ишланмаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга етказиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш назарда тутилмоқда.
Фермер хўжаликларини молиялаштириш, аграр кредитлаш тизимини такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини бошқаришда Германия тажрибасидан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги технологиялари алмашинувига хизмат қилувчи минтақавий платформа ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди.

Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Германиянинг Вайенштефан-Триздорф университети билан ҳамкорликда 200 бош қорамолга мўлжалланган, 50 гектар тажриба майдонига эга замонавий ўқув-амалий марказ ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу ташаббус чорвачилик соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш ва илғор тажрибаларни ўзлаштиришга қаратилган.
Илмий-тадқиқот йўналишида ҳам қатор истиқболли таклифлар билдирилди. Жумладан, Германиянинг Юлиус Кюн институти билан шоли майдонларида тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оралиқ экинларни етиштириш технологияларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш масаласи кўриб чиқилди.

Хоэнхайм университети билан эса ингичка толали ғўза етиштиришда сув тежовчи ва рақамли агротехнологияларни жорий этиш бўйича илмий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Германия делегацияси Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирди.
Парламент давлат котиби Мартина Энглҳардт-Копф Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини таъкидлаб, мамлакатимизнинг аграр салоҳияти юқорилигини қайд этди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар аграр соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, муҳокама қилинган ташаббусларни рўёбга чиқариш имкониятларини ўрганиш ва қўшма лойиҳалар устида ишлашни давом эттиришга келишиб олди.
Камола ЮСУПОВА, ЎзА